Бош прокуратурада байрам тадбири

11:30 - 22.10.2021

27

2021 йилнинг 20 октябрь куни Бош прокуратурада Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов, Вазирлар Маҳкамаси департаменти бошлиғи Абдуғаффор Қирғизбоев, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, ёзувчи Луқмон Бўрихон, шоир Азиз Саид, шунингдек, видеоконференция орқали барча бўғиндаги прокуратура органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқиб, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан барчани муборакбод этиб, ҳозир миллат барҳаётлигининг, давлат суверенитетининг рамзи бўлган ўзбек тилини ривожлантириш, унинг имкониятлари ва жозибадорлигини халқаро миқёсда ҳам тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли чоралар амалга оширилаётгани, Президентимизнинг 2019 йилда «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги маърузаси эса ўзбек тили ривожида янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбек тилини ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббусларни рўёбга чиқариш, айниқса давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ижросининг сўзсиз таъминланишини назорат қилишда прокуратура органлари олдинги сафларда бўлмоқда.

Хусусан, прокурорлар имзолайдиган ҳар қандай ҳужжат давлат тилининг устувор қоидаларига тўлиқ мос бўлишини таъминлаш, тил ҳақидаги билимларни, кўникмаларни бойитиб бориш мақсадида «Юридик соҳада давлат тилининг ўрни ва аҳамияти» мавзусида танлов ўтказилди.

Танловнинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида мингга яқин ходим ғолиблик учун кураш олиб борди, республика босқичида эса 50 нафардан зиёд энг сара ходимнинг иштирок этгани танлов нуфузини оширди, баҳсларга қизғинлик бахш этди.

Бугунги тадбирда танлов ғолиблари ва энг фаол иштирокчиларга диплом, сертификат ва совғалар тантанали равишда топширилди.