Бизнес ва реклама тилга салбий таъсир қилмаслиги лозим

17:58 - 22.10.2021

13

Бундан минг йил аввал буюк бобомиз Маҳмуд Кошғарий айтган эди: «Худо давлат қуёшини турклар (яъни, ўзбеклар) буржида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк (ўзбек) деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг хоқонлари қилиб кўтарди».

Кўриниб турибдики, халқимиз азалдан ўз тилини муқаддас билиб, ардоқлаб келган. Халқимизнинг ана шу хусусиятлари туфайли тилимиз тарихнинг барча синовларидан ўтиб, бугунги ёруғ кунларга етиб келди.

Мана, ўзбек тили давлат тили сифатида тан олинганига 32 йил тўлган бўлса-да, ҳануз она тилимизнинг нуфузини аввало ўзимиз ҳис этмаяпмиз. Иш юзасидан дейлик рус миллатига мансуб киши мурожаат қилганда қийналиб бўлса-да рус тилида гапиришга ҳаракат қиламиз. Лекин нега мурожаатчи қийналса ҳам фикрини ўзбек тилида баён этмайди? Чунки сизу бизга нисбатан унинг ўз она тилига эҳтироми юксакдир.

Давлатимиз президенти раҳбарлигида ўзбек тилининг мавқеини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти. 2020 йил 20 октябрда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан тасдиқланган 2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси бу борада муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Бинобарин, тил маънавий меросни сақлаш ва бойитишнинг асосий воситасидир. Тилнинг азизлиги ҳам шунда. Асл маънавиятимиз шакллансин, асрлар давомида авлоддан авлодга сайқалланиб ўтсин десак, аввало тилимизни асраб-авайлашимиз зарур.

Ўзбек тили Ўзбекистоннинг давлат тили. Уни ҳимоя қиладиган, тараққиётини таъминлайдиган ҳам шу юртдир. Демак, она тилимиз олдидаги масъулиятимиз ортса ортганки, камаймаган. Аммо бугунги кунда сўзлашганда русча, инглизча сўзларни қўшиш маданиятли мулоқотдек туюлмоқда. Аслида тилни бузиб, сўзларни нотўғри талқин этиш маънавиятсизлик, илмсизлик, эътиборсизликнинг белгисидир.

Шу ўринда баъзи жой номларига эътиборингизни қаратсак. Бухоронинг Қоракўл туманида Якалам қишлоғи бор. Ушбу сўзнинг маъноси билан қизиқиб кўрдим. Бу қишлоқда юз йиллар аввал хон саройида аълам лавозимида ишлаган билимли киши яшаб ўтган ва унинг шаънига қишлоқ Якка аълам деб номланган. Қишлоқ номи бугуннинг ёшларига тушуниксиз тарзда (ўзгаришга учраб) Якалам бўлиб қолган.

Кўриниб турибдики, сўз ва унинг маъноси шунчаки эътиборсиз қолдириладиган ҳодиса эмас. Тил масаласи, унга эътибор ва эъзоз кўрсатиш миллат маданияти ва маънавияти учун бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизнинг бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Савдо дўконларининг пештоқига қўйилган пешлавҳаларнинг инглиз, рус тилида  ёзилиши бизнес ривожи, реклама учун фойдалидир. Бироқ биз маънавий йўқотишлар эвазига бойлик ортидан югуришимиз ватанпарварликка кирмайди.

Хусусан, юридик соҳада давлат тилининг аҳамияти жуда катта. Инсон тақдири билан боғлиқ ҳар бир ҳужжатнинг ёзилишида хатога йўл қўймасак ўша инсоннинг эрки, ҳуқуқини ҳимоя қилган бўламиз.

Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил – давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига кўра бугунги кунда сайёрамиздаги тилларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Улар асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳра. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Жаҳон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, аҳоли энг кўп сўзлашадиган тилларнинг тенг ярми кўҳна қитъада экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Таҳлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI асрнинг ўрталарига бориб хитой тили биринчи ўринга чиқиши мумкин.

Олимлар инсоният тарихида 9 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари ҳам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкин дейишади.

«Болам рус мактабида ўқияпти» деб мақтанаётган ота-оналар боласи рус тилида равон гапириб, ўз тилини унутаётганини англашармикан?! Қачонки, болалар ўз она тилида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилни сақлаб қолиш ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолишини англатади. Чунки халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш маъқулланди. Янги қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари ўтказадиган тадбирларда давлат тилининг қўлланиши, норматив-ҳуқуқий  ҳужжатларда фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланадиган тил масалалари ҳам батафсил тартибга солинган.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривож­лантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.

 Конституциямизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Респуб­ликасининг давлат тили ўзбек тилидир» деб белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг давлат тили ўзбек тили эканлиги, Ўзбекистон ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантириши ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишини таъминлаши белгиланган.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди.

Кимки она тилимиз ҳимоясида бўлиб, унинг ривожланиши учун ҳисса қўшар экан, у миллат ориятининг ҳимоячиси сифатида эътироф этилиши жоиз.

Ҳалим Жамолов,

МИБ Бухоро тумани бўлими давлат ижрочиси