Талаффузга таъсир қилаётган омиллар

16:26 - 22.10.2021

113

Ўтган давр мобайда ўзбек тили ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга эътибор қаратилди. 2019 йилда она тилимиз тақдирига алоқадор бир қанча ҳужжатлар қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатларнинг деярли барчасида тилнинг оғзаки ва ёзма илмий меъёрларини тартибга солиш, саводхонликни ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Хусусан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш давлат тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Мамлакатимизда амалий филология, компьютер лингвистикаси каби йўналишлар тараққиётига йўл очилди. Ўзбек амалий тилшунослиги ва лингводидактикаси олдига ўзбек тилидаги луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун луғатлар яратиш, ўзбек тили ўқув лексикография тармоғини ривожлантириш, «Ўзбек тили меъёрлари» илмий-оммабоп қўлланмасини нашрга тайёрлаш каби кечиктириб бўлмас вазифалар қўйилди.

Ўзбек тили ва имлоси масаласида мулоҳазаларимиз қуйидагича:

1. Давлатнинг расмий тили бўлган она тилимизнинг илмий меъёрларини белгилаб берадиган ягона ва мукаммал имло луғатини яратиш ёки борлари ичидан энг маъқулини танлаб, расман эълон қилиш лозим. Яъни, бир пайтда бир неча имло луғатининг расман амалда бўлишига йўл қўймаслик керак. Имло луғати имло қоидасига мослаб яратилади. Имло қоидаси – қонуний кучга эга юридик ҳужжат. Имло луғатини хоҳлаган киши хоҳлаган пайтида қайта-қайта ўзгартириб нашр этаверишга ҳақли эмас.

2. Ҳозир кўпчиликка электрон луғатдан фойдаланиш қулай. Мобиль телефонлар учун мўлжалланган электрон имло луғатлари қайси луғат асосида яратилаяпти, қайси ташкилот ёки кенгаш рухсати билан оммалаштирилаяпти, буни ҳам қатъий назорат қилиш лозим.

3. Имлога доир асосий муаммолар ўзлашма сўзларнинг ёзилишида кузатилмоқда. Ўзбек тилининг имло қоидалари тасдиқлангандан сўнг нашр қилинган имло луғатларида («Ўзбек тилининг кирилл ва лотин алифболаридаги имло луғати». Т. «Шарқ», 1999.) нутқимизда кўп ишлатиладиган ўзлашма сўзларнинг имлоси белгиланган бўлиб, улар луғат бошида берилган имло қоидаларига мос эди. Айрим сўзлар имлоси талаффуз учун эриш туюлса-да (октябрь/oktabr, тюлень/tulen, шляпа/shlapa, этюд/etud, пляж/plaj, дюйм/duym), ўтган давр мобайнида мазкур луғат асосида яратилган дарсликлар, қўлланмалар, оммавий ахборот воситалари сабаб халқ шу шаклга мослаша бошлаган эди. Мазкур луғат баъзи камчиликлардан холи бўлмаса ҳам, имлода асосий муаммо келтириб чиқараётган, таркибида е, ё, ю, я графемалари бўлган сўзлар имлосини белгилашда халқнинг талаффузини инобатга олган ҳолда битта принципдан келиб чиқиб ёндашилмаган эди. Масалан, byuro, byurokrat, byust, gravyura, dvoryan, kompyuter, plyonka сўзлари ва glukoza, aluminiy, rukzak, illuziya, sujet, parashut, agglutinativ сўзлари имлосини белгилашда индивидуал ёндашилган эди.

4. Таркибида ц ҳарфи бўлган сўзлар имлосини беришда талаффуз (фонетик ёзув) ва аслига таянишда (шаклий ёзув) мувозанат сақланиши лозим: litsey, aksiya, antisiklon каби. 2011 йилда «Ўқитувчи» нашриётида чоп этилган «Ўзбек тилининг имло луғати»да «Имло қоидалари»га қўшимча изоҳнинг берилиши таркибида ц ҳарфи бўлган сўзларни ёзишда бир принципга таянишга олиб келди ва жонли талаффуз ҳамда имло ўртасида номувофиқликни юзага келтирди: публицистик – publitsistik, процессуал – protsessual, полицмейс­тер – politsmeyster, плацкарта – platskarta, пацифизм – patsifizm, лейкоцит – leykotsit, фармацевтика – farmatsevtika, эритроцит – eritrotsit, ацетон – atseton, бициклик – bitsiklik, бицилиндр – bitsilindr ва ҳоказо.

Ҳатто рус орфографиясида ҳам с ва ц ҳарфли сўзларни ёзишда қатъий бир принципга таянилмайди. Ёзилишида муаммо юзага келаётган аксарият сўзлар асли лотинча бўлиб, рус орфографияси принциплари асосида ёзилган, ўзбек тилига тўғридан-тўғри эмас, рус тили орқали ўзлашган. Масалан, лотинчада alumen, инглиз тилида aluminium, рус тилида алюминий. Бундай ҳолатда, бизнингча, умумий битта принципдан келиб чиқиб эмас, ҳар бир сўзнинг имлосига индивидуал ёндашиш мақсадга мувофиқ.

5. Ундошларнинг бир бўғинда қатор ёки такрор келиши туркий тилларга хос бўлмагани сабабли бу каби сўзлардаги такрор қўлланган ундошлар тилимизда бир товуш билан талаффуз қилинади. Мавжуд ўзлашма сўзларда ҳам ундошларнинг такрор қўлланиши асосан сўз охирида учрайди: металл, ватт, грамм, кросс, стафилакокк, кристалл каби. Имло қоидасида бундай сўзларга қўшимча қўшилса, бир товуш туширилиши қоидалаштирилган: металнинг, металлар, бир килограмдан… Шу сабабли сўз охирида қўш ундошларни сақлаб қолиб, сўз боши ва ўртаси вариантини бир товуш билан бериш керак: Abssess/abses, abssissa/absissa, ssenariy/senariy, ssuda/suda, krossbriding/krosbriding, krossvord/krosvord каби.

6. Қўлланиши ўта чегараланган терминларнинг имлосини белгилашда шаклий ёзувга амал қилиш керак. Чунки соҳа эгалари уни русча ёки инглизча манбалардан ўзлаштиради ва имлода қандай белгиланганига қарамай шу шаклда ёзаверади ва натижада икки хиллик юзага келади. Имлода ҳам шу вариантни танлаган маъқул деб ўйлаймиз.

7. Бугунги кунда четдан янги сўзнинг кириб келиши учун макон ва замонда чегара қолмади. Катталарга қараганда ёшлар нутқида тўғридан-тўғри ўзлашаётган сўзлар сон-саноқсиз бўлиб, уларни луғатларда қамраб олиш ва имлосини белгилашга улгуриб бўлмайди. Омма эса сўз имлосининг луғатларда акс этишини кутиб туролмайди, ё меъёрни ўзи белгилайди, ё ўз ҳолича ёзиб қўя қолади. Оқибатда нафақат тор доиралар, ҳатто расмий доираларда ўзлаштирилмай оммалашган «ўзлашмалар» пайдо бўлмоқда. Бу сўзларни кундалик ҳаётда ҳар қадамда ишлатамиз: beeline, usell, е-mail, Youtube, Chrom, Galaxy, Wi-Fi, Bluetooth, Screenshots, Google, twitter, Iphon, Windows, SMS, MMS, Scopus, Тimеs Nеw Rоmаn, Мiсrоsоft Wоrd ва ҳоказо.

Тўғри, четдан кириб келган ҳамма сўз ҳам тилнинг луғат қатламида узоқ яшаб қолавермайди. Аммо, дейлик, юқоридаги сўзлар нутқимизда юз йил қўлланса, шунча пайт ёзилиши муаммо бўлиб қолаверадими? Бундай сўзлар халқ кўз ўнгида ўз шакли билан муҳрланиб улгурмай тезкорлик билан ўзбекча талаффуз ва ёзув учун муқобил шаклни аниқлаш ва тавсия қилиш лозим.

8. Ҳозир матн асосан компь­ютерда тайёрланади. Ўзбекча матнлар учун автоматик таҳрир дас­турларини яратишга эътиборни кучайтириш лозим. Бу давлат миқёсида танловлар эълон қилиш ва катта миқдорда молиялаштиришни тақозо қилади.

9. Нутқ ўстириш, ифодали ўқиш, ҳуснихат, иш юритиш каби фанларни ўқитишни мактабданоқ бошлаш керак. Бошланғич синфданоқ ўқувчининг сўзни таниши ва луғат бойлигини оширишга хизмат қиладиган бадиий асарларни ўқишига, ёзма ишлар – диктант, баён, иншога эътиборни ошириш лозим.

10. Тилнинг софлиги учун ҳамма бирдай масъул, аммо ижодкорлар, санъаткорлар намуна бўлиши керак. Кейинги йилларда адабиётдаги эврилишлар оқибати ўлароқ эркин ижодга кенг йўл очилди. Бу ижод тилнинг илмий меъёрлари, бош ҳарфлар, тиниш белгиларидан воз кечиш тарзида ҳам намоён бўлмоқда. Миллий тилдан фойдаланаяпмизми, бизга ҳар қанча халақит қилмасин, унинг меъёрларига ҳурмат билан қараш керак деб ўйлайман. Мумтоз ижодкорларимиз шундай йўл тутишган. Нега биз ҳануз тиниш белгилари ёки бошқа грамматик топшириқларни бажаришда Абдулла Қаҳҳор, Ойбек асарларига мурожаат қиламиз? Бугунги ижодкорлар тил меъёрларини билмайдими ёки амал қилишни истамайдими?

11. «Қандай қилиб тил соф­лигига эришиш мумкин?» деган саволга жўяли жавоб бериш қийин. Бугунги матбаачилик тараққий этган бир даврда имло, матн таҳрири, объектларни номлашни назорат қиладиган ваколатга эга махсус тузилмалар шакл­лантирилмас экан, тил софлигига эришиш қийин.

Имло қоидалари илмий жиҳатдан асосли, қулай, иложи борича пухта бўлмоғи керак. Аммо ҳар қандай имло қоидаси ҳам идеал даражада мукаммал бўла олмайди. Меъёр – нисбий категория. Унда инкорни инкор, истисно ва бошқа ҳодисалар бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам орфографиямиз битта эмас, фонетик, морфологик, шаклий, анъанавий каби бир нечта принцип асосида иш кўради. Ҳар бир икир-чикирга эътибор берилаверилса, умумийликка бориб бўлмайди.

Башорат БАҲРИДДИНОВА

Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари доктори