Халқ прокуратурасининг шаклланиши

10:30 - 20.10.2021

31

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида илгари сурилган ғоялар асосида 2017 йил 14 сентябрдаги 446-қонун билан «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси 8-қисми янги таҳрирда баён этилди, унга мувофиқ «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар прокурорлари ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгесига, халқ депутатлари кенгашларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади; зарур бўлган ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида хабардор қилади». 5-модданинг 9-қисмида прокуратура органлари қонунларнинг ижро этилишини назорат қилишга ва жиноятчиликка қарши курашга доир фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиш, ўзининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлаш йўли билан ўз фаолиятини ошкора амалга ошириши белгиланди. Президентнинг 2017 йил 18 апрелдаги 5019-фармони асосида Бош прокуратура матбуот хизмати негизида Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими тузилиб, фаолият кўрсатмоқда.

Республикамизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан шу кунгача фаолият юритиб келган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди. Миллий кенгаш раиси этиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори тасдиқланди.

2020 йил 7 ноябрь куни Бош прокуратурада Бош прокурор раислигида миллий кенгашнинг видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда молия, солиқ, банк, қурилиш, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалиги, бандлик, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ва яна бир қанча соҳаларда коррупция энг кўп учраётгани мисол ва рақамларда кўрсатиб берилди. Йиғилишда соҳалар, вазирлик ва идораларда коррупцияга барҳам бериш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

Бош прокурорнинг ўринбосари раислигидаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борадаги тизимли камчиликларнинг сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш орқали ижобий натижаларга эришмоқда. 2020 йилда ғайриижтимоий ҳаракат содир этган 4 мингдан ортиқ, мактабга сабабсиз бормаётган 2 мингдан зиёд бола аниқланиб, мажбуриятини бажармаётган 6 мингга яқин ота-онанинг жавобгарлиги масаласи ҳал этилди.

Бугун прокуратура ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга виждонан, масъулият билан ёндашмоқда. Ўтган йили жамиятда қонунийликни таъминлаш мақсадида 96 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, улар асосида 122 минг кишининг ҳуқуқи тикланди. Прокуратура аралашуви билан 29 мингта ноқонуний ҳужжат қонунларга мослаштирилди. Прокурор текширишлари ҳамда жиноят ишлари тергови давомида 550млрд. сўм зарар ундирилди.

Прокуратура органлари давлат органлари билан ҳамкорликда ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида аҳоли билан мунтазам учрашувлар ўтказаяпти. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 20 июндаги Сенат мажлисида прокуратура органларини коррупциядан холи, чинакам халқ прокуратурасига айлантириш борасидаги топшириғига асосан энг аввало тизимдаги вазиятни ўнглашга, жамоада ишчан ва соғлом муҳитни шакллантиришга, ҳалол ва профессионал ходимлар корпусини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар концепцияси ишлаб чиқилиб, қонунлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди.

Прокуратура органларининг устувор вазифаларидан бири жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда ўрнатилган тартибда кўриб чиқиб, муаммоларига ечим топишдан иборатдир. Ҳозирги кунда Бош прокуратурада мурожаатларни қабул қилиш учун туну кун ишловчи «caII-марказ» ташкил қилинган, унга республиканинг барча ҳудудларидан «1007» қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек фуқаролар шахсан қабул қилинмоқда.

Ижтимоий соҳада прокурор назоратини таъминлаш баробарида фуқароларга ёрдам кўрсатишга алоҳида аҳамият берилаяпти.  

Ҳудудларни ободонлаштириш, уй қуриш, ижтимоий объектларни барпо этишда ҳам ходимларимиз фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилояти прокуратураси ходимларининг ҳаракати билан Муборак туманидаги иккита чекка қишлоқнинг 11 мингдан ортиқ аҳолиси тоза сув билан таъминланди. Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудлари ва дарёларнинг муҳофаза зоналари ҳам прокуратура ёрдамида ободонлаштирилди. Қисқа фурсатда ушбу ҳудудда ўзбошимчалик билан эгалланган 85 гектар ер ҳамда ноқонуний қурилмалар аниқланиб, қонунбузарликлар бартараф этилди. Қонунга зид равишда берилган 112 гектар ер захирага қайтарилди. 4 мингдан ортиқ субъектнинг рўйхатга олиниши ва бюджетга 3 млрд. сўмдан зиёд солиқ ундирилиши таъминланди. Шу билан бирга чиқиндихоналар, пиёдалар йўлаклари қурилди, йўллар таъмирланди, коммуникация тармоқлари янгиланди. Умуман, бу ҳудуд Бош прокуратура ва Тошкент вилояти прокуратураси ходимларининг меҳнати билан обод масканга айланмоқда.

Иқтисодий соҳада тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масаласига устувор аҳамият бериб келинмоқда. 2020 йилда 4,8 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди, 21 минг нафарига муаммосини бартараф этишда кўмаклашилди. Прокурорлар кўмагида 12,5 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 18 мингга яқин корхонанинг фаолияти тикланди. 153 млн. долларлик хорижий инвестиция жалб этилишига ёрдам берилди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларига риоя этмаган 516 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 344 та жиноят иши қўзғатилди.

Шу ўринда жойлардаги прокурорлар зиммасига сектор раҳбари сифатида ҳам катта масъулият юкланганини қайд этиш жоиз. Бугунги кунда прокурорлар секторидаги эҳтиёжманд оилаларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича прокуратура ходимлари маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Эътироф этиш керак, Президентимизнинг ташаббуси билан жорий этилган «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» эҳтиёжмандлар билан иш олиб боришнинг муҳим омили бўлмоқда.

Бош прокуратурага бириктирилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон ва Бекобод туманларида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича тизимли ишлар қилинди. Эйвалек маҳалласида абгор аҳволдаги 18 та кўп қаватли уй қисқа вақтда тўлиқ таъмирланди, 5 та ташландиқ уйдан 3 тасида таъмирлаш-тиклаш ишлари якунига етказилди, маҳалла прокуратура ходимларининг ҳаракати билан обод масканга айланди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонда берган топшириғи асосида Бош прокуратурада Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди. Бошқарма ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлашга ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, ўтган даврда Мўйноқ туманида 40 ўринли боғча реконструкция қилинди, 11 нафар ёлғиз фуқарога уй қуриб берилди, 11 та сув тозалаш ускунаси ўрнатилди. Ҳозир туман марказида 50 ўринли гилам корхонаси ва 75 ўринли боғча бунёд этилмоқда. 57 та инвестиция лойиҳаси бўйича 126,6 млрд. сўмлик 56 та лойиҳа ишга туширилиб, 354 та иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи мобайнида берган топшириғи асосида Бош прокуратурада Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментда Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими ташкил этилди.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 27 августдаги «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида 2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилиниб, Бош прокуратура тизимида Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ҳамда ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилди.

Халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш, одамларни рози қилиш, халқимизнинг фаровон, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш барчамизнинг мақсадимиздир.

Прокуратура органларининг ҳар бир ходими Конституциямизда белгилаб берилган устувор тамойил ва қоидаларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши учун ҳисса қўшишни, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг шарафли бурчи деб билади.

Бахтиёр Пўлатов,

Бош прокуратура академияси профессори, юридик фанлар доктори