Мактаблар қиш мавсумига тайёрми?

12:00 - 18.10.2021

16

«Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Таълим тўғрисида»ги қонунларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида 200 нафар малакали ходим вилоятдаги 547 та мактабга бириктирилди. Мактаблардаги айрим муаммолар ўз вақтида аниқланиб, бартараф қилинмоқда. Хусусан, қишга тайёргарлик, мактабга бориш йўлларини таъмирлаш ва кутубхонани бойитиш каби мингга яқин муаммо аниқланиб, 700 дан ортиғи ҳал қилинди. Қолганларини ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинган. Масалан, Қўшкўпир туманидаги 25-мактабга ҳомийлар ҳисобидан 5 та ёзув тахтаси, 4-ихтисослашган мактаб-интернатга 20 та кийимилгич, 10 та эшик, 2 та стол тенниси анжоми ҳамда 100 дан ортиқ бадиий китоб олиб берилди.

Прокуратура ходимлари ўтказаётган тарғибот ҳамда сабабсиз дарс қолдираётган, ҳуқуқбузарлиги учун профилактик ҳисобга олинган болалар билан ишлаш тизими бўйича назорат ўрнатилиши натижасида вилоятда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик камайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мактаб ўқувчилари ўртасида жиноятчилик 37 фоизга, суицид эса 26 фоизга камайди.

Прокурор секторларида 2021 йилда инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 15 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида эса 19 та мактаб таъмирланяпти. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси раёсатининг йиғилиши баёни асосида 356 та мактабда қурилиш-таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.

Бюджетдан таълим масканлари учун ажратилаётган пулнинг тўғри сарфланиши ҳам назорат қилинмоқда. Бундан ташқари, юқоридаги ишларнинг давоми сифатида вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан прокурорлар секторидаги чекка ҳудудларда жойлашган, давлат дастурларига киритилмаган 15 та мактаб ҳомийлар ёрдамида таъмирланди. Масалан, Урганч туманидаги 39-мактабнинг фасади, спорт зали ва йўлаклари таъмирланиб, янги деразалар, электр тежовчи чироқлар ўрнатилди. Янгиариқ туманидаги учта мактабнинг спорт зали, хоналари ва мажлислар зали тўлиқ таъмирланди.