Уч авлод вакилларини бирлаштирган тадбир

10:00 - 18.10.2021

218

Юртимизда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган «Уч авлод учрашуви» маънавий-маърифий тадбирларини ўтказиш гўзал анъанага айланган. Мана шундай учрашув Бош прокуратура ташаббуси билан 7-8 октябрь кунлари Тошкент вилоятининг Қибрай туманида уюштирилди.

«Янги Ўзбекистон боғи»да ўтказилган ушбу тадбирга прокуратура фахрийлари, юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кексалар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар таклиф этилди.

Иштирокчилар олтин кузнинг ташрифи кўркига кўрк қўшган «Янги Ўзбекистон» мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимлари, ватанимизнинг шонли тарихи хусусида фикр алмашишди. Уч авлод вакилларига мажмуадаги буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, ватанпарвар боболаримизнинг ҳаёти хусусида маълумот берилди.

Мулоқотларда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ёшлик давридаги қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Шундан сўнг тадбир Қибрай туманидаги Ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижод уйида давом этди. Элимиз суйган шоирларнинг ёшликнинг шижоати, кексаликнинг ҳикмати, ватан тараққиёти йўлида бирлашиш каби мавзулардаги шеърлари барчага манзур бўлди.

Дунё саҳнида катта-кичик мамлакатлар муттасил синовдан ўтиб туради. Қийинчиликларни аҳиллик билан, мардонавор енгиб ўтган халқларгина ўзлигини сақлаб қолиб, тараққиётга эришади. Шу боис юртимиздаги бугунги ислоҳотлар, ёшларга яратиб берилган шароитлар, кўп миллатли ватан – Ўзбекистоннинг равнақи йўлида бирлашиш масъулияти мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди. Шунингдек, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибалари, улар эришган ютуқлар, қилган ишлар ҳақида ёшларга айтиб берилди. Туманда узоқ йиллар давомида юрт равнақи, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса авлод вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Кекса ва ёш авлод вакилларининг учрашуви тумандаги «Навбаҳор» сиҳатгоҳида ҳам давом этди. Мулоқотларда Ўзбекистон кўзлаган улкан марраларни кексаларимизнинг ўгитлари, ўрта авлод вакилларининг фидокорлиги, матонати ва албатта ёшларнинг шижоатисиз забт этиб бўлмаслиги бот-бот эътироф қилинди.

Тадбир доирасида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қибрай туманидаги кўзи ожизлар кутубхонасига бориб, ёш китобхонлар билан мулоқот қилди. Мазкур кутубхонада 3000 га яқин бадиий, 200 га яқин брайл ёзувидаги китоблар мавжуд. Бу ерда ёшлар севимли шоирларининг шеърларидан ўқиб берди. Бош прокурор кутубхонада ёшларга совғалар бериб, кутубхона учун бадиий китоблар тўпламини туҳфа қилди.

Тадбир туман марказидаги «Биллур» тўйхонасида давом этди. Бу ерга Тошкент вилоятидаги давлат ва жамоат арбоблари, турли тармоқларда меҳнат қилаётган турфа миллат вакиллари, ўз соҳасида катта ютуқларга эришган ёшлар жамланди. Учрашувни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, нуронийларимизнинг бой тажрибаси, ўрта авлод вакилларининг меҳнати, ёш авлоднинг шижоати биргаликда катта куч бўлиши, уч авлоднинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрнини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, халқимизнинг ёруғ келажаги айнан авлодлар мулоқоти ва ҳамкорлигига ҳам чамбарчас боғлиқ эканига эътибор қаратди.

Уч авлод вакиллари бир дастурхон атрофида ўтириб, фикр алмашишди. Кексаларнинг ўгитлари ёшларни чуқур билим олишга, доим яхшилик қилишга, яхши инсон бўлишга илҳомлантирди. Тадбир санъаткорларнинг катта концерти билан давом этди. Албатта, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг маънан етук бўлиб улғайишига, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактаби билан яқиндан танишишига хизмат қилади.

Ўтказилган тадбирларда ёшларга хос куч-ғайрат, ўрта ва кекса авлод вакилларининг бой ҳаёт мактаби бирлашди. Шу аснода хулосалар қилиниб, иштирокчилар ўзларининг ҳаётий тажрибаси ва касбий фаолиятида орттирган тажрибалари борасидаги қимматли мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Тадбир давомида эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган уч авлод вакилларидан бир гуруҳига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони ҳамда бош прокурорнинг совға ва мукофотлари топширилди.