Сайлов жараёнида жамоат хавфсизлиги қандай таъминланади?

14:30 - 18.10.2021

21

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеадир.

Сайлов фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, демократик жамият қуришнинг пойдевори бўлиш билан бирга мамлакатда ўтказилувчи энг катта оммавий тадбирлардан бири ҳам ҳисобланади. Ана шу иккинчи жиҳат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, хусусан ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардияга катта масъулият юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бир қанча талабларга риоя қилган ҳолда жамоат тартиби сақланишини таъминлайди. Хусусан, жамоат тартибини сақлашда участка сайлов комиссиялари билан ҳамкорлик қилади ва комиссия раисининг кўрсатмаси асосида фаолият олиб боради; сайлов бюллетенлари олинган кундан бошлаб бюллетенлар ва бошқа ҳужжатлар сақланадиган бинони қўриқлайди; участка сайлов комиссияси раисининг кўрсатмасига асосан сайловга бир кун қолганида сайлов участкаси биноси хизмат ити билан кинолог томонидан текширилади; участка сайлов комиссияси аъзоларининг фаолиятига қаршилик кўрсатилганда ёки уларнинг соғлиғи, ҳаётига хавф туғилганида уларни ҳимоя қилади. Бундан ташқари, жамоат тартибига масъул шахс сайлов куни сайлов участкасида бўлган бошқа одамларни ҳам ҳимоя қилади. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари биринчи навбатда инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиши, зарурат туғилганида уларни эвакуация қилиши лозим.

Таъкидлаш керакки, сайлов жараёнида жавобгарлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Сайловни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Овоз бериш куни ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари сайлов участкаси ҳудудидан ташқарида жойлашишлари лозим. Чунки бу тузилмалар ходимларининг сайлов жараёнига аралашиши мумкин эмас, аралашдими бу ҳар хил тушунмовчиликларга сабаб бўлади.

Участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш биносида тинчлик сақланиши ва тартибга риоя қилинишини таъминлайди, овоз бериш ва овозларни санаб чиқишда тўсқинлик вужудга келганида ички ишлар ёки Миллий гвардия ходимларига мурожаат қилиши мумкин. Бунда улар зудлик билан воқеа жойига етиб келишлари керак. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан сайлов участкасидаги тартибсизлик, ғайриқонуний ҳаракатлар бартараф этилганидан сўнг участка сайлов комиссияси раисининг кўрсатмаси асосида мазкур ходимлар сайлов участкаси биносини тарк этишлари ва сайлов жараёнига халақит бермайдиган жойга жойлашишлари шарт.

Сайлов участкасида ҳозир бўлган ички ишлар, Миллий гвардия ходимларига қуйидагилар тақиқланади: сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш; сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш; бирон-бир ташвиқот материалини тарқатиш; сайловчилардан улар қандай овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш; давлат ҳокимияти органи вакилининг вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ҳолда номзод, участка сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларининг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўйиш; сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан унинг мажлисларига, сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

Овоз бериш куни ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари сайловчиларга сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатмайди. Турли вазиятларда муаммо юз берганда ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари сайловчиларни участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзосига юборади. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари овоз бериш биносида хизматни ўташ вақтида ундаги одамларнинг хавфсизлигини, сайлов ҳужжатлари ва сайлов участкаси биносининг қўриқланишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Овоз бериш биносида ҳозир бўлган шахснинг хавфсизлиги, соғлиғи ва ҳаётига таҳдид пайдо бўлганда ички ишлар ёки Миллий гвардия ходими зудлик билан ҳудудий ички ишлар ё Миллий гвардия раҳбариятига ёхуд навбатчисига сайлов участкасида вужудга келган вазият тўғрисида ахборот беради ҳамда унинг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қилади.

Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари сайловчилар, сайлов комиссияси аъзолари, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, журналистлар билан хушмуомала, дўстона муносабатда бўлиши лозим.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг кўрсатмасига асосан ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан бегона шахсларга сайлов участкасини тарк этиши кераклиги тушунтирилади ва белгиланган тартибда таъминланади.

Овоз бериш куни, сайловни ўтказиш вақтида қуйидаги шахслар сайлов участкасида ҳозир бўлишлари мумкин: сайловчилар; сайлов комиссияси аъзолари; сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари; сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари; хорижий кузатувчилар; аккредитациядан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг вакиллари. Шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари ўз хизмат гувоҳномаларини олиб юришлари шарт.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида сайлов участкасида ҳозир бўлган сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳишини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузмаслиги ва сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт. Яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳишини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига ғайриқонуний равишда путур етказиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари ўз бурчига садоқат билан ёндашишлари, зиммасига юклатилган вазифаларни шараф билан бажаришлари шарт.

Шерзод Зулфиқоров,

Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғи

Аслиддин Нуридуллаев,

кафедра профессори