Мақсадимиз – одамларни рози қилиш, аҳоли жон бошига даромадни кўпайтириш

10:50 - 08.10.2021

21

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 7 октябрь куни Сирдарё вилоятида бўлди.

Мамлакатимизда полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳада маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сафи кенгаймоқда. “Сирдарё мега люкс” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси ана шулардан биридир.

Давлатимиз раҳбари дастлаб ушбу корхона фаолияти билан танишди.

Ўтган йили бу ерда полипропилендан катта сиғимли қоплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. “Юмшоқ контейнер” деб аталувчи бу қоплар 500 килограммдан 5000 килограммгача юк кўтаради. Уларга ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги, логистика каби кўплаб соҳаларда талаб юқори. “Сирдарё мега люкс” йилига 132 миллион дона шундай маҳсулот тайёрлаш қувватига эга.

Еттита корпусдан иборат улкан корхона изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йил май ойида икки қаватли плёнка тайёрлаш йўлга қўйилди. Яқин ойларда стреч плёнка ва спанбонд технологияси асосида нотўқима мато ишлаб чиқариш бошланади.

Ҳозирда корхонада 2 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган. Мазкур лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққач, иш ўринлари 5 мингга етади.

Бугунги кунда Россия, Исроил, Беларусь, Украина, Қозоғистон каби 14 та мамлакатга экспорт йўлга қўйилган. Янги лойиҳалар билан биргаликда экспорт ҳажми 215 миллион долларга етиши мўлжалланган.

Президентга истиқболдаги лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Унга кўра, келгуси беш йилда полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича технопарк ташкил этиб, умумий қиймати 350 миллион доллар бўлган саккизта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 260 миллион доллар инвестиция жалб этилиб, Германия, Италия, Австрия технологияси ўрнатилади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги билан бирга ижтимоий жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

– Бу маҳсулотларнинг хомашёси ўзимизда, она заминимизда. Бундан ақл билан фойдаланиб, нарх ва сифат мутаносиблиги таъминланса, маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлади. Фақат иқтисодий эмас, иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар қилиш керак. Тадбиркор ҳам даромад топсин, одамлар ҳам, – деди Шавкат Мирзиёев.

Зарур маблағ йўналтириб, ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириш, келгусида ишчилар учун уй-жойлар барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё тумани Ширин маҳалласида яшовчи Дониёр Йўлдошев хонадонида бўлиб, оиланинг турмуш шароитлари билан танишди.

Бу уй юртимиздаги обод ҳовлилардан бири. 10 сотих томорқада мевали ва манзарали дарахтлар, сабзавотлар экилган. 30 бош наслли курка боқилиб, бир йилда 25 миллион сўмгача қўшимча даромад олинмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу саъй-ҳаракатларни маъқуллаб, мана шундай обод хонадонлар кўпайиши кераклигини таъкидлади.

– Ҳудудларда юришим, ҳар кунги ҳаракатларимдан мақсад – одамларни рози қилиш, аҳоли жон бошига даромадни кўпайтириш. Илгари четга хомашё сотардик. Ҳозир ҳаммасини мамлакатимизда қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқараяпмиз. Корхоналар очилаяпти, ёшларимиз, хотин-қизларимиз ишли бўлаяпти. Бундайлар кўпайиши, бунинг учун ривожланиш маҳаллада бўлиши керак. Маҳалла яхши бўлса, давлат кучли бўлади. Ёшларни билимли, ақлли қилиб тарбияласак, ўз йўлини, ишини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизга тинчлик, фаровонлик тилаб, дуо қилинди.

Шавкат Мирзиёев Сирдарё туманида вилоят сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Гулистон шаҳрининг Янги ҳаёт маҳалласида бўлди.

Бу ерда 2019-2020 йилларда 14 та кўп қаватли уй қурилган. Бугунги кунда яна 7 та 9 қаватли уй қурилиши бошланган. Улардаги 504 та хонадондан 100 таси кам таъминланган оилаларга имтиёзли равишда берилади. Ёшлар меҳнат гузари, стадион, болалар майдончалари қурилади.

Президентимиз янги мавзеда хизматларни кўпайтириш, тадбиркорлик субъектлари ташкил этиб, бу ерда яшовчиларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

– Камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий омиллари бошпана ва иш жойи, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бу мақсадлар учун катта имкониятлар бериляпти. Бу йилдан бошлаб ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмайди, деб эълон қилганмиз. Шундан фойдаланиб, тадбиркорлар иштирокида кўп уйлар қуриш мумкин.

Шу ерда маҳалла нуронийлари билан самимий мулоқот бўлди.

– Бир пайтлар Сирдарё вилояти фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган эди. Охирги йилларда замонавий саноат кириб келаяпти. Мана шундай уйлар қурилаяпти. Нима учун? Одамларда харид қобилияти бор. Энди бу ишларни тўхтатмаслигимиз керак. Чунки ёшларимиз етишиб келаяпти, халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Давлатимиз шунга муносиб шароит яратиши керак, – деди Президент.

Нуронийлар вилоятда рўй бераётган ўзгаришлар, ёшлар тарбияси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрида қурилаётган Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказини бориб кўрди.

Бу ерда тадбиркорликка қизиққан инсонларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, бизнесини бошлашига кўмаклашиш, ёшларга ҳунар ўргатиш йўлга қўйилади, маҳсулотлар кўргазмалари ўтказилади.

Марказ «Дўстлик» канали бўйида жойлашгани унга янада файз берган. Ҳудуд ободонлаштирилиб, сўлим хиёбон ташкил этилган. Манзарали дарахтлар экилган. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари, фавворалар барпо этилган. Ўриндиқлар ёнига китоб жавонлари ҳам қўйилган.

Умуман айтганда, бу ер нафақат бизнес, балки маданият, туризм масканига ҳам айланади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди.

ЎзА