Маънавий носоғлом оила — жамият кушандаси

12:30 - 30.09.2021

29

Жамият тараққий этиб, катта имкониятларга эга бўлиши учун аввало унинг бош бўғини бўлган оилалар маънан соғлом бўлмоғи даркор. Жиззахда рўй берган воқеа эса оилаларнинг маънавий носоғломлиги жамиятга қанчалар катта зарар етказишини яна бир бор исботлади.

«Қайтиб келсанг оқ қиламан!»

Қиз бола келинлик либосини кийиб ота уйини тарк этаркан, қалби
тўла орзу-умид бўлади. Гулнора Темирова ҳам 2017 йилнинг сентябрида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги Каллейли қишлоғида яшовчи М.Фармоновга турмушга чиққанда ана шундай ҳиссиётлар оғушида эди. Аммо унинг қувончи узоққа чўзилмади – 2018 йилнинг апрель ойида бу никоҳ дарз кетди. Қайнона ва қайнсингиллар билан келишмовчилик туфайли Гулнора ота-онасининг уйига қайтиб келди. Энди унинг еб-ичиши ҳам оилага юк бўлди. Шу боис Гулнора бозорда тирикчилик қила бошлади. Бу орада 2020 йилнинг бошларида Шероз билан танишиб қолди. Йигит-қиз бир-бирига маъқул келишди. Шероз биринчи учрашувдаёқ Гулноранинг қўлини сўради.

«Чиққан қиз чиғириқдан ташқари» дейишади. Гулнора қайтиб келгач, қизининг қишлоқда гап-сўз бўлишидан чўчиган ота-онаси тезроқ бирор муносиб одам учраса-ю, уни такроран эрга бериш пайида эдилар. Шерознинг таклифи эса айни муддао эди. Уч-тўрт кийим-бошини тугунга тугиб, жимгина чиқиб кетаётган қизларига бу сафар ота-она оқ фотиҳа бериш ўрнига «Шу йигит билан аҳил яша! Агар уйга қайтиб келсанг оқ қиламиз» дейишди.

«Томоғимга хўжайинмисан?»

Гулнора бу гапларни қулоғига қуйиб олди. Демак, энди сабрли бўлиши, турмушнинг муштига дош бериб, аччиқ-чучукларига чидаши керак. Бирор муаммо туғилса, яна кўзёши қилиб қайтиб келса, унга энди эшик очилмайди. «Ишқилиб, Шероз мўмин-обилгина бўлсин-да» деди аёл ичида.

Йигитнинг бошпанаси йўқ экан. Бу Гулнорага дастлабки зарба бўлди. Самарқанд шаҳридаги бир хонали ижара уйга жойлашиб, хонадон соҳиби Собир билан яқиндан танишишди. Гап орасида Собир иссиқхонаси борлиги, у ерда помидор ва бодринг етиштириши, ҳозир ишчи зарурлигини айтиб қолди. Келин-куёвга бу гап хушхабар бўлди: бир миллион сўм иш ҳақи эвазига иссиқхонага ишга жойлашишди. Шероз иссиқхонадаёқ ҳунарини бош лаб юборди, ароқсиз куни ўтмасди.

Гулнора эрини тартибга чақириб, «ичманг» дейиши билан калтак остида қолар ва бу тақдирнинг навбатдаги зарбаси эканини ҳис қилиб, чидар эди. Бир сафар Собир иссиқхонага келиб, Шерознинг оёқда базўр турганини кўрди ва унга қаттиқ танбеҳ берди, ичишни ташламаса бўшатиб юборишини айтди. Шероз ҳам бўш келгани йўқ. Дадил жавоб қайтарди: «Қўлингдан келганини қил! Сен ишимга хўжайинсан, томоғимга эмас!»

«Ичманг, илтимос…»

Собир қўлидан келганини қилди, эр-хотинни ўша куниёқ ҳайдади. Ҳуши бошига келгач, Шероз тугун-терсаги билан кўчада қолганини кўриб, «ботирлиги тутгани»дан қаттиқ афсусланди. Қорин тўймаса, муҳаббат ҳам қорасини кўрсатмас экан. Муносабатлар кескинлаша бошлади. Иш топишга қийналишди. Бу борада таниш-билишлар кўмагида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Оқтош қишлоғидаги фермер хўжалигидан иш топишди. Хўжаликнинг даласидаги бир хонали уйга кўчиб келиб яшай бошлаган эр-хотиннинг қора кунлари ортда қолгандек эди. Улар меҳнат қилишар, иш ҳақини ўз вақтида олиб, кам-кўстларини бутлашарди. «Пешонам мунча шўр бўлмаса?!».

Бу гап Гулноранинг оғзидан кўп чиқадиган бўлди. Чунки Шероз шиша билан яна дўстлашиб, кунда-кунора хотини билан жанжаллашадиган бўлди. «Ичманг! Пул йиғайлик! Уй олиб, одамлардек яшайлик!». Гулнора шу гап лари учун ҳам тепки ер эди. – Ҳадеб ичаверманг, хўжайин билиб қолса, яна ҳайдаламиз, тағин кўчада қоламиз, илтимос, ичманг, – Гулнора шу гапларидан кейин кўп ўтмай эрининг куни битиши, ўзининг қотил бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

2020 йилнинг 16 октябрь куни эрталабдан ича бошлаган Шероз яна жанжал кўтарди, пешин пайти хотинига овқат қилишини айтди. Гулнора йиғлаб-сиқтаб қозон осди. Бу орада Шероз боққа қараб келаман деб кўчага чиқиб кетиб, яна бир шиша ароқ билан қайтди. Овқат сузилди. Шероз эса таомга қўл теккизмас, нуқул ароқ ичарди. Хуллас, «шайтон суви» ўз кучини кўрсатди: яна ур-сур, бақир-чақир бош ланди. Шероз хотинини калтаклаб тинчиб, ухлаб қолганида кун оғган эди. Маст-аласт ҳолда чалқанча ётганча хуррак отаётган эри Гулноранинг нафратини қўзитди. Уни ташлаб кетай деса, борадиган жойи йўқ. Ота-онаси оқ қилиши мумкин. Аммо бундай яшаб ҳам бўлмайди.

Шу пайт эрининг боши ёстиқдан тушиб кетди. Гулнора ёстиқни тўғрилаб қўймоқчи бўлди. Ёстиқни қўлига олганида эса миясига ваҳшиёна ўй келди. Оқибатини ўйлаб ўтирмай ёстиқни эрининг юзига икки қўллаб босиб, нафас йўлларини ёпиб турди. Ёстиқни қанча вақт босиб турганини билмайди. Эсида қолгани эри типирчилаб, оёқ-қўлини бир-икки қимирлатди-ю сўнг тинчиди. Ёстиқни олганида Шероз ўлган эди.

Ҳаёт фақат яхшиликдан иборат эмас

Судланувчи Г.Темирова суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, қонуний енгиллик сўради. Суд ҳайъати Г.Темировага жазо тайинлашда қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига содиқлик билан иш тутди: аёл айбли деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

…Ҳаёт фақат яхши кунлардан иборат эмас, оғир кунларда ҳар ким сабрни, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ишончни йўқотиб қўймаслиги керак.

Омадсизлик туфайли ичкиликка берилиш, ёстиқдошидан аламини олиш эса асло яхшилик келтирмайди.

Хусниддин САЙФУЛЛАЕВ,
Жиззах вилояти прокуратураси
бўлим АМИБ терговчиси в.б.