Инсон — азиз, хотира — муқаддас

18:00 - 29.09.2021

13

2020 йил ноябрь ойининг 7-санаси. Кузнинг ёқимли шамоли эсиб турибди, атроф тилла рангга бурканган. Гулнора ая эрталабки нонуштани тайёрлаб, ҳар галгидек «Баҳром ака, чой тайёр!» деб таклиф қилди (Бахриддин Эргашевни яқин дўстлари Баҳром деб чақиришарди). Баҳриддин ака ҳар галгидек полковник формасини кийиб, ишга отланди. Яқинда 64 ёшга тўлишига қарамасдан, ҳали ҳам форма унга жуда ярашар эди. Гулнора ая унинг ёқаларини ва галстугини тўғрилаб, «40 йилдан буён давлат хизматидасиз, қачон биз ҳам ўзимиз учун яшаймиз? Биз ҳам бош қалардек хорижга саёҳат қилсак…» деди. У эса «Оз қолди, азизим, соғлиғим жойида, ватан учун керакман, ишимни яхши кўраман. Яна озгина ишлай, кейин сенга бутун дунёни кўрсатаман» деб кўнглини кўтариб қўйди.

Негадир Гулнора аянинг кўнгли хижил эди, турмуш ўртоғини охирги марта узоқ сафарга кузатаётгандек туюларди. Кечаси турмуш ўртоғи автоаварияда ҳалок бўлганини эшитгандан сўнг бунинг сабабини тушуниб етди. 2020 йилнинг 7 ноябрь куни кечаси. Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида темирйўлни кесиб ўтаётганида автомашина катта тезликда келаётган поездга урилган…

Устоз – Баҳриддин Эргашев Самарқанд давлат университетининг юридик факультетини аъло даражада тамомлаб, 1979 йилда Термиз шаҳар прокуратурасида ишлай бош лаган. 1992 йилдан Бош прокуратурада ишлаган. 1992 йилда Навоий вилояти ташкил топганидан сўнг Баҳриддин Эргашев 1993 йили 37 ёшида Навоий шаҳар прокурори лавозимига тайинланди ва 1998 йилнинг охиригача ишлади.

Навоий шаҳар прокуратурасининг кўрсаткичлари вилоят прокуратурасиникига таъсир кўрсатмай қолмасди. Ушбу масъулият шаҳар прокуроридан 24 соат ишлашни, иродаси тошдан, асаблари метиндан бўлишини талаб қиларди. Биз Баҳриддин Эргашев раҳбарлигида бир тану бир жон бўлиб ишлардик. Илгари шаҳар прокуратурасининг биноси вилоят ички ишлар бошқармасининг ичкарисида жойлашган эди. 2000 йилдан бугунга қадар фойдаланиб келинаётган Навоий шаҳар прокуратураси биносининг қурилишига Б.Эргашевнинг ўзи бош бўлган.

Эсимда, 1995 йил январь ойида вилоят прокурори Ботир Калонов ҳузурида вилоят ҳокими А.Айдарқулов иштирокида 1994 йил якунига бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Биринчи бўлиб Навоий шаҳар прокурори Б.Эргашев сўзга чиқди. Ўтган даврда қилинган ишлар ва олдимизда турган вазифалар ҳақида тўхталди. Тан олиш керак, ўша даврда аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар сони кескин ўсиб кетган эди.

Б.Эргашев маърузасида шаҳарда ИИБ ҳисобида турган ўсмирлар жиноят содир этиши кўпайганини таъкидлаб, кўпроқ профилактик тадбирлар ўтказиш масаласига эътиборни қаратиб, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқ тарғиботини кучайтириш масаласига алоҳида урғу берди.

Биринчи галда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия сининг ишини жонлантирдик ва тўғри йўлга қўйдик. Муқаддам қоғозда ёки ҳоким ўринбосарининг хонасида номигагина ўтказиладиган йиғилишларни ҳар ойда камида бир марта ҳокимликнинг мажлислар залида ҳоким ва прокурор раҳбарлигида ўтказиладиган қилдик.

Бундай комиссияларга «Ёшлар суди» деб ном берилди. Шаҳар ҳокими эринмасдан ҳуқуқбузарни «суд қиларди», сўраб суриштирарди, материал тўлиқ бўлмаса, қайтариб берарди, овоз бериш йўли билан жазо муқаррарлигини таъминларди. Устоз раҳбарлигида Навоийдаги меҳрибонлик уйида ҳам кўп савоб ишлар қилинган. Ундаги 100 дан ортиқ етим болага мутасадди идоралар раҳбарларини жалб қилган ҳолда совға берилиб, маданий тадбирлар ўтказиларди. Вақти-вақти билан шаҳар прокуратураси жамоаси йиғилиб, ўзимиз бозор қилиб, етимларга палов қилиб берардик.

Таъкидлаш жоизки, Навоий шаҳрида 1995 йилдан 1998 йилгача нафақат ёшлар ўртасида, балки катталар ўртасида ҳам жиноятларнинг камайишига, оғир жиноятлар содир этилишининг олди олинишига эришилди.

Шаҳар прокурори лавозимида яхши ишлагани учун 1999 йилдан бошлаб Б.Эргашев вилоят прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинланди ва 2004 йилга қадар фаолият кўрсатди.

Барча ходимлар учун иш вақти соат 9 дан бошланса, биз учун 5 да бошланарди. Биз Баҳриддин ака билан теннис машғулотига қатнардик. Спорт соҳасида мен Баҳриддин акадан қатъийликни, мағлуб бўлганда ҳам тушкунликка тушмасдан яна оёққа туриб, ғалаба сари астойдил интилишни ўрганганман.

Жамоа бўлиб ўтирганимизда Баҳриддин ака бир гапни такрорларди: «Ҳаёт ўткинчи, мансаб, бойлик, чиройли ўтиришлар – барчаси ўткинчи, ҳаёт қонунлари ҳеч кимни аямайди. Кутмаганингда Азроил жонингни олиши мумкин. Биздан фақат савоб ишларимиз, кимгадир теккан фойдамиз, адолатли қароримиз ва албатта бир-биримизнинг кўзимизга тик боқиб, юракдан суҳбат қилганларимиз қолади. Бугунги куннинг қадрига етайлик!».

Устоз прокуратура идораларига содиқ қолиб, 2016 йили пенсия ёшига етгандан сўнг ҳам ишлашда давом этди ва давлатимиз учун 40 йилдан ортиқ виждонан меҳнат қилди. У кишини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, қабрлари нурга тўлсин!

Ҳамза МУРОД, шогирди