Биттани тўртта қилиб кўрадиганлар

16:00 - 29.09.2021

12

Қашқадарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мурожаатига асосан департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан вилоятга минерал ўғитларнинг келтирилиши ва тўғри ишлатилиши бўйича текшириш ўтказилган.

Унда «B.M.» МЧЖ мансабдорлари ва бошқалар ҳужжатларга сохта маълумот киритиш йўли билан корхоналар ва фермер хўжаликларининг маблағини талон-торож қилишга урингани аниқланган. Жумладан, «B.M.» МЧЖ раҳбари Ф.Б. жамият балансидаги ҳудуддан темирйўл ўтганидан фойдаланиб, темирйўл ва унинг омборхонаси оралиғидаги масофа 646 метр бўлса-да, «Навоийазот» АЖга тақдим этилган 1 тонна минерал ўғитни омборга ташиб келиш ва сақлаш харажатлари калькуляциясида мазкур масофа 4 километр эканлиги ҳақида сохта маълумот киритган. Шу йўл билан харажат миқдорини кўпайтириб, АЖга тақдим этган ва 6120 тонна аммиакли селитрани сақлаш харажати учун «Агрокимёҳимоя» ҲАЖдан 206,4 миллион сўм ортиқча пул ундирмоқчи бўлган. Фақат вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши департаментга шикоят қилгани боис жиноий режасини охирига етказа олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Б.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукми билан унга қилмишига яраша жазо тайинланди.