“Юқоридаги акаларим қизингизга кўмаклашмоқчи…”

14:30 - 29.09.2021

18

Марғилонлик Маматшер (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари безорилик, жароҳат етказиш, фирибгарлик жиноятларини содир этиб судланган. Охирги марта тайинланган жазодан шартли равишда озод этилган. Букрини гўр тузатади деганларидай, Маматшер 45 ёшида яна жиноят қилди.

Гуландом Марғилон шаҳридаги банк коллежига ўқишга киради. Ўзининг, онасининг сўзларига кўра касал бўлиб кўп дарс қолдиргани туфайли ўқишни битиролмайди. Онасининг танишлари муаммони ҳал қила оладиган одамга рўбарў қилишади. Маматшер «юқори мартабали акаларимга илтимос қилиб, қизингизнинг ўқишини тиклаб бераман» дея аёлни ишонтиради. Гулбаҳор опа унинг харажатларини қоплашга кўнади. Маматшер дастлаб 100 АҚШ доллари ва Гуландомнинг паспортини  олиб, гўё астойдил ишга киришади. Орадан бир ой ўтиб, «ишингиз ҳал бўлаёзди» дея тағин 100 долларини олиб кетади-ю, қайтиб қорасини кўрсатмайди. Гулбаҳор опа излаб топиб, «қизимнинг ўқиши нима бўлди?» деб сўраганида ҳар хил баҳоналарни рўкач қилади.

Алданганини англаган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этди. Суриштирув, терговдаги каби судда бировларни алдашни касб қилиб олган рецидивист айбига тўлиқ иқрор бўлди. Суд жабрланувчига етказган зарарни тўлиқ қоплаган М.Бердиниёзовга жазо тайинлади.