Ерфурушлардан эҳтиёт бўлинг

12:30 - 29.09.2021

12

Шу кунларда ҳокимият захирасидаги ерларнинг ноқонуний сотилиши кўп кузатилмоқда. Амалдаги қонунларга кўра ерни «e-auksion» платформаси орқали олиш белгиланган. Шундай бўлса-да, соддадил одамларимиз фирибгарлар қарамоғига илиниб қолаяпти.

Ҳазорасп тумани яшовчи Ш.Г. Мухомон маҳалласида яшовчи Н.К.га уй қуриши учун Алоқаликўл маҳалласидан 800 кв. метр ерни ажратиб, туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериши эвазига 4000 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Фуқаро Н.К.нинг аризаси асосида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ҳазорасп тумани бўлими ҳамда ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси тезкор тадбир ўтказди. Унда Ш.Г. Н.К.дан 4000 доллар пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми ўқилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 8 июндаги фармонига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади, бошқа ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн аукцион орқали сотилади.

Шундай экан, юртдошларимизни ер олишда фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.