“Пандемия мен учун хайрли келди”

10:30 - 29.09.2021

8

Пандемия барча учун синов бўлди. Аммо шундай оғир вазиятларда айрим соҳаларда ноқонуний ишлар кузатилди. Ҳатто “Пандемия мен учун хайрли келди”, деб пайтдан фойдаланганлар ҳам топилди. Хусусан, Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоатчилик саломатлиги хизматининг Яккасарой тумани бўлими бошлиғи, яъни бош шифокори лавозимида ишлаган Муқаддас Тўраева 2020 йилда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган ходимларга махсус рағбатлантириш тўлови белгиланганидан фойдаланиб, аслида ишламаган ходимлар номига рағбатлантириш пули ёзиб бергани аниқланди. Жумладан, М.Тўраева иш ҳақини ҳисоблаш табелларига хизмат вазифаларини бажаргани ҳақида сохта маълумот киритиб, врач-бактериолог Н.Р.га 319 млн. 288 минг, лаборатория мудири Н.М.га 297 млн. 118 минг, лаборант Г.С.га 20 млн. 146 минг сўм иш ҳақи ва махсус рағбатлантириш пуллари ёзиб, бюджетнинг 636 млн. 554 минг сўм маблағини ўзининг номига очилган пластик картага тушириб олади ва ўз манфаати йўлида сарфлайди. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади деган ўйга борган бўлим бошлиғи қилмишлари фош бўлганда номаъқул иш қилганини тушунди. 

Суд мажлисида М.Тўраева айбли деб топилиб, 1 йил муддатга раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда унга ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.