Гилам ювувчи эсини йиғиб олгандек эди, аммо…

17:30 - 28.09.2021

5

Спиртли ичимликларга ружу қўйиш нафақат инсон саломатлигига зиён етказиши, балки ахлоқига ҳам таъсир қилиши хусусида кўп айтилган. Спиртли ичимлик ичиб жиноят содир қилиш айбни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

Муқаддам тўрт марта судланган, озодликдан маҳрум этиш, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаган 38 яшар Н.Х. ниҳоят эсини йиғиб олгандай, икки боласи, оиласининг қадрига етгандай эди. Гилам ювиш шохобчасида ишлаб рўзғор тебратаётганди. Якшанба куни хотини болалари билан отасининг уйига отланди. Ёлғиз қолиб зериккан Н.Х. кеча биров синфдошининг телефон рақамини сўраганини эслади. Синфдоши М.И.га қўнғироқ қилди. «Э, бормисан, шу атрофда улфатчилик қилаяпмиз, келавер», – деди хушчақчақ ўртоғи. Ошхонада синфдоши ва уч ошнаси кайф-сафо қилиб ўтиришганди. Шишадаги ароқ тугагач, Н.Х. М.И. ва Д.Р. билан дўкондан тағин тўрт шиша ароқ олиб келиб ўртага қўйди. Базм давом этди — йўл-йўлакай дўкондан икки шиша ароқ олиб Н.Х.нинг 4-қаватдаги хонадонида ичишди. Орада ўйин кулги бўлди, аммо синфдошлар ичкилик таъсирида бир-бири билан ёвлашишди. Н.Х. М.И.ни елкасидан тортиб ўзига қаратди-ю,  пичоқ санчди. Уларни ажратмоқчи бўлиб тиғни чангаллаган Д.Р.нинг қўли қонаб, пичоқни қўйиб юборди. Шундан кейин яна Н.Х. жароҳатини чангаллаб турган М.И.нинг дуч келган жойига пичоқ санчди. У йиқилгач, пичоқни чўнтагига солиб кетди. Шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси тарафга қараб бораётган, усти-бошига қон теккан мастни ИИБ ходимлари қўлга олишди. 

Судда у айбини тан олди. Илгари судланиб ҳам хулоса чиқармаган,  гап талашиб, уришиб, синфдошини йигирма уч марта пичоқ санчиб ўлдирган Н.Х.га 19 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.