Ҳамширанинг нўноқлиги ўлим келтирди

14:30 - 28.09.2021

16

Тиббиёт ходимининг малакасизлигидан инсонлар катта зиён кўради. Хива шаҳридаги ихтисослаштирилган хусусий клиникада физиотерапия ҳамшираси вазифасида ишлаб келаётган Х.М.нинг ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашгани оқибатида бир инсон ҳаётдан кўз юмди.

Х.М. мазкур клиникада инъекция муолажаларини ўтказиш физиотерапия ҳамширасининг вазифасига кирмаслигини биларди. Хива шаҳар кўп тармоқли поликлиникаси шифокори ёзиб берган уколни олиш учун мурожаат қилган таниши Н.А.нинг илтимосини ерда қолдиргиси келмади. Устига устак, шифокор кўрсатмасига риоя қилмади. «Цефтриаксон» дорисини синама қилмасдан беморнинг думбасига укол қилди. Х.М.нинг «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонун талабига зид ҳаракати натижасида анафилактик реакция ҳолатида нафас йўлларининг қайт массаси билан тиқилиши оқибатида аспирацион асфикция келиб чиқди. Клиника инъекция қилиш кўзда тутилмагани туфайли бундай ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ускуналар билан таъминланмаган эди. Шифокорлар қўллаган муолажалар фойда бермагач, «тез ёрдам»га мурожаат қилинди. Н.А. тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилди. Аммо вақт ўтган эди. Н.А. ҳамширанинг хатоси оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилди. Х.М. суд ҳукми билан айбли деб топилди. Икки йил муддатга ҳамширалик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.