670 кишининг муаммоси ҳал

10:30 - 28.09.2021

19

Қизилтепа тумани прокуратураси томонидан 2-сектор ҳудудида  ижтимоий объектларни ободонлаштириш ва таъмирлаш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш бўйича муайян ишлар қилинмоқда.

Аввало, аҳоли билан учрашиб, муаммоларига ечим топиш чораларини кўрдик. Албатта, бу тўхтаб қоладиган иш эмас, аксинча, халқ билан мулоқотни кўпайтиришга интилаяпмиз. Бу ўз самарасини бермоқда, айниқса, дафтарлар юритишни жиддий назоратга олдик. Дафтарга киритилган фуқароларга ҳар томонлама кўмак берилмоқда. Натижада «темир дафтар»га киритилган 962  оиланинг 957 таси доимий даромад манбаи яратилган ҳолда халқ депутатлари туман кенгашининг қарорига асосан ундан чиқарилди.

Шунингдек, сектордаги 5998 нафар ёш билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг орасидан ижтимоий ва иқтисодий муаммоси бўлган 798 нафар йигит-қизнинг рўйхати тузилди. Уларнинг бандлиги таъминланмоқда. Жумладан, ҳар бир ёшга 10 ва 15 сотихдан ер ва субсидия ажратиш, доимий ишга жойлаштириш, кредит ҳисобига тадбиркорликка жалб этиш, «1+1» лойиҳаси доирасида бандлигини таъминлаш чораси кўрилгани туфайли 670 кишининг муаммоси ҳал бўлди.

Сектордаги 12 та маҳаллада яшовчи 8787 нафар аёл билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, 557 нафари «аёллар дафтари»га киритилди. Шундан 508 нафари ишсиз.  Бугунги кунда уларнинг барчасига ёрдам кўрсатилди. Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, Зиёкор ва Обод диёр маҳалласида яшовчи А.Раҳмонова, Г.Бердиева, Р.Аъзамова ва бошқаларнинг хонадони таъмирланди. Шунинг­дек, Ванғози маҳалласида яшовчи С.Порсаева ва М.Каромовага янги уй қуриб берилди.

Аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Оқмачит маҳалласида 25 ўринли мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) ишга туширилиб, 3 кишининг, Зиёкор маҳалласида 25 ўринли МТТ фаолиятини бошлаб, 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Узилишкент маҳалласида яшовчи О.Нуруллаевага тикувчиликни ривожлантириши учун банкдан 225 млн. сўм кредит олишига кўмаклашилди. Кушарти маҳалласида яшовчи М.Ҳалимовага эса 2021 йилнинг январь ойида туман прокуратураси ташаббуси билан иссиқхона қуриб берилиб, оила аъзоларининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, Маликобод маҳалласида жойлашган «Қизилтепа парранда» кластерининг газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммоси ҳал қилиниб, 4 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.