Қалинми ёки маҳр?

12:30 - 28.09.2021

9

Бир синфдош дўстим менга қўнғироқ қилиб, «Қизимни турмушга бераяпман, бугун фотиҳа қилдик, маслаҳатинг керак, уйимга келолмайсанми?» деб қолди.

Унинг уйига бордим. Гўё оғир вазиятга тушиб қолгандек, мени тушкун кайфиятда кутиб олди. «Тинчликми, нима бўлди?» дедим. У «Бир масалани тушунмаяпман» деди. Гапир-чи дегандек унга қарадим.

«Ҳозир куёв томон мебель олиши урфга кираётганидан хабаринг бўлса керак. Бўлажак қудалар мебелни ўзимиз оламиз деб қалин пули беришмади, шу тўғрими?» дея менга савол берди. «Қалин пули» масаласи бўйича қонунларимизда ечим келтирилмаган. Шунинг учун ҳам бу бўйича диний уламога мурожаат қилдик.

– Динимизда умуман қалин деган нарса йўқ. Келин-куёвнинг уйларида ишлатиладиган мебель ва бошқа жиҳозларнинг харажатлари эса куёвнинг зиммасига вожиб бўлади, – дейди Юнусобод туманидаги Кулолқўрғон жоме масжиди имом ноиби Баҳодир Муҳаммадиев. – Яъни, келин тушадиган уйни жиҳозлаш куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ қилинган. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшаши учун мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар, барча нарсалар куёв томонидан олиб берилади ва улар келиннинг мулки ҳисобланади. Шу билан бирга куёв келинга маҳр бериши лозим. «Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эрнинг зиммасига юкланадиган, хотинга берилиши лозим бўлган молдир. Маҳр турли номлар билан аталади, Қуръони каримда садоқ, садақа, ажр, фарийза, ниҳла атамалари ишлатилган. Баъзи уламолар маҳрнинг ўнта номи борлигини айтган. Бизда «маҳр» атамаси машҳур бўлгани учун шу сўзни қўллаймиз.

Маҳр – оила қуриш олдидан келинни хурсанд қилиш, унинг кўнглини куёвга мойил қилиш мақсадида, шахсан келиннинг ўзига берилиши лозим бўлган муайян маблағ, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган, ҳалол нарсалардир. Берилган маҳр келиннинг шахсий мулки ҳисобланади. Эр томонидан хотинга бериладиган маҳр уй, пул ёки қимматбаҳо тақинчоқ каби ашёлардан иборат бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деган: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин» (4-оят). Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо маҳрнинг олди-бердиси қачон бўлса бўлаверади. Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда. Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши. Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, эри берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини унга қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уйланмоқчи бўлган кишига) «…бир темир узук бўлса ҳам топ» дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Ул зот бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир. Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.

Қуръони карим оятларида ва ҳадисларда маҳрнинг маълум бир миқдори меъёр сифатида белгиланмаган. Аммо Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.

Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири» деганлар. Яна таъкидлаш керакки, шариатда маҳрнинг энг ози қанча экани кўрсатилган бўлиб, кўпининг чегараси йўқлиги ҳам маълум.

Қалин пули эса қизнинг ота-онасига ёки қариндошларига бериладиган пул бўлиб, гўё қизларни ота-онасидан буюмдек сотиб олишга ўхшайди.

Шунинг учун ҳам биз аввало қалин пули ва маҳрни аниқлаштириб олишимиз керак. Келин томонга куёв томондан берилаётган пулни қалин эмас, балки маҳр дейишимиз тўғрироқ бўлади. Маҳр учун берилган пулга қизни турмушга бераётган отаонаси ёки қариндошлари фақатгина келин бўлмишга келажакдаги ҳаётида керак бўладиган, яъни мулк бўладиган буюмлар харид қилишлари лозим. Агар қалин пули маҳр сифатида бериладиган бўлса, келин тушадиган уйни ўзим жиҳозлайман дея маҳр бермаслик динимизга ётдир.

Танганинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, аллома Ҳаскафийдан келтирилишича, «Келин тараф келинни куёвга топшираётган пайтида оладиган нарсасини эр қайтариб олишга ҳақлидир. Чунки у пора ҳисобланади». (Дуррул мухтор). Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ушбу иборани шарҳлаб, «Келиннинг акаси ёки шу кабилар куёв тарафидан бирор нарса (қалин пули ёки сут пули) олмагунича келинни бермасалар, шунингдек қалин пулини олмагунича сингилларини беришдан бош тортсалар, (эр ўша пулни берса) пул ҳолида ёки ўзгартирилган ҳолида қайтариб олиш ҳаққига эгадир. Чунки эрнинг уларга берган нарсаси пора ҳисобланади» деганлар. (Раддул мухтор). Шунинг учун ҳам бунинг ўрнига шариатимиз аёл кишининг ўзига мулк қилиб бериладиган маҳрни жорий қилган. Маҳр эса аёл кишига доимий мулк бўлиб қолади.

– Бизда никоҳга киришиш жараёнида эркак ва аёлнинг мулкий муносабатларига эътибор ҳаминқадар, – дейди ҳуқуқшунос Наргис Солиева. – Ҳамманинг хаёлида фақат тўй қилиш. Давлатимиз томонидан бежиз никоҳ шартномаси тузиш жорий қилинмади. Буни қайсидир маънода маҳрнинг замонавий кўриниши дейиш мумкин. Бу шартнома никоҳ бекор қилинганда аёлни ҳимоя қиладиган механизм. Шуни никоҳ ёшига етган ёшларимиз яхши тушунмаяпти. Аслида маҳрни ҳам бу борадаги қонунларга киритиш керак. Агар бунга имкон бўлмаса, никоҳ шартномаси тузишни болаларимиз онгига сингдириш лозим. Бугун замон шуни тақозо этмоқда. Чунки аёллар мулксизлиги жамиятга жуда катта зарар келтираяпти.

Юқоридаги масала бўйича бир ҳолатни келтириб ўтмоқчимиз. Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди 2020 йил 21 августда С.Н.нинг келинлик мулкларини ундириш ҳақидаги даъвосини кўриб чиқиб, унинг бир қатор келинлик мулкларини И.У.дан ундириб бериш ҳақида қарор чиқаради. Суд ҳужжатида С.Н.га И.У.нинг уйида сақланаётган мебель тўплами, сандиқ, жавон, пардалар, жами 25 млн.сўмлик мулкларни ундириб бериш кўрсатиб ўтилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида даъвогарнинг келинлик мулклари ундириб берилган.

Агар фуқароларимиз маҳр нималигини тушунганларида эди, бундай оворагарчилик лар бўлмасди. Шунинг учун ҳам келин томон қалин масаласини эмас, аввало маҳр масаласини ҳал этишлари лозим.

Афсуски, халқимизда келин томонга қалин ёки сут пули бериш одати ҳозирга қадар давом этмоқда. Шариатда қалин ва сут пули бериш тўғрисида бирор кўрсатма ё тавсия йўқлигини инобатга олиб айтиш мумкинки, никоҳлашда қалин пули ўрнига маҳрни қўлласак ва унга кўпроқ эътиборли бўлсак, албатта ёш оилаларнинг иқтисодий ва молиявий ҳолати яхшиланишига ва мустаҳкамланишига кўмак берган бўламиз.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»