Кўпчилик кўз тиккан уй

18:00 - 27.09.2021

4

Бу ишда калаванинг учини топиш осон бўлмади. Гап шундаки, Суннатулла Назаров судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда Қарши тумани давлат нотариал идораси томонидан расмийлаштирилган Усмон Назаров ва Барака Рўзиева ўртасида 2019 йилнинг 28 май куни тузилган, Қарши тумани Мирмирон қишлоғидаги 600 квадрат метр ерда жойлашган уйнинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2021 йил 23 мартдаги ҳал қилув қарори билан С.Назаровнинг даъвоси рад қилинган. Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 18 майдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 23 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

С.Назаровнинг Бош прокуратурага қилган мурожаатига асосан суд қарорларининг қонунийлиги вилоят прокуратураси томонидан ўрганилди. 21 июнда Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида протест келтирилди. Зеро, Фуқаролик-процессуал кодексининг 15-моддасига асосан суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.

Протестга асосан фуқаролик иши Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 10 августда кўрилиб, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 18 майдаги ажрими ва фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 23 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш юзасидан қуйидаги мазмунда янги ҳал қилув қарори қабул қилинди. Яъни, Суннатулла Назаровнинг Усмон Назаров ва Барака Рўзиевага нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди, мазкур шартнома ҳақиқий эмас деб топилди.

Аниқланишича, С.Назаровга тегишли уйга Қарши тумани ҳокимининг 2018 йил 6 декабрдаги қарори билан У.Назаровнинг эгалик ҳуқуқи белгиланган. Шунингдек, У.Назаровнинг уйга нисбатан бўлган ҳуқуқи Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қарши тумани филиали томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Қарши тумани давлат нотариал идораси томонидан 2019 йил 28 майда тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан У.Назаров бу уйни Барака Рўзиевага 100 миллион сўмга сотган. Б.Рўзиеванинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи ҳам Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қарши тумани филиали томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Аниқланишича, бошқа фуқаролар ҳам бу уйга кўз тиккан экан. М.Ўроқова ва С.Маҳмараҳимова олдиндан тил бириктириб, С.Назаровга тегишли уйга эгалик ҳуқуқини олиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштириб, туман ҳокимининг қарорини чиқаришга эришган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят-процессуал кодексига асосан Қарши тумани ички ишлар бўлимининг қарори билан М.Ўроқова ва С.Маҳмараҳимованинг айблилик масаласи ҳал қилинмасдан туриб, жиноят иши тугатилган.

Туман прокурорининг протести билан туман ҳокимлигидан бу борадаги қарорни бекор қилиш сўралган. Туман ҳокимининг қарори билан У.Назаровнинг қурган уйини фойдаланишга қабул қилиш ҳамда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинган.

Фуқаролик кодексининг 113-моддасига кўра битим ушбу кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топгани сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим). Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ушбу кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкин. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиш ҳуқуқига эга.

Биринчи инстанция суди даъво аризасини муҳокама қилишда хонадонга нисбатан С.Назаровнинг мулк ҳуқуқи вужудга келмаганини, шунингдек шартноманинг ҳақиқийлиги юзасидан қонунда белгиланган асослар бўйича фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақли эканини, мазкур ҳолатда С.Назаров ўзбошимчалик билан қурган уйга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келмагани ҳамда даъвогар олди-сотди шартномаси иштирокчиси ҳам эмаслигини инобатга олиб, даъвони қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида асоссиз тўхтамга келган.

Ўз навбатида апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция судининг тўхтами ноқонунийлигига аҳамият қаратмаган ҳолда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Қонунга кўра мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузилиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилиши мумкинлиги (негатор даъво) белгиланган. Иш учун аҳамиятга эга бўлган, лекин суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлар исботлашни талаб этмайди. Мулк можароси шу тариқа адолатли ҳал этилди.