Учмоқчи бўлган бройлер

16:30 - 27.09.2021

14

Кейинги пайтларда фирибгарлар кўпайиб кетди. Бели оғримай нон топишга одатланган кимсалар содда одамларни овора қилган ҳолатлар тез-тез қулоққа чалинаяпти. Бундай кимсалар бу ҳисобли дунё эканини, кун келиб қилмишининг ҳисобини беришини унутиб қўяди. Қилмиши ошкор бўлганда, юзи шувит бўлгани қолади.

Фазлиддин (исмлар ўзгартирилган) товуқ гўштини олиб сотаётганига ҳали кўп бўлмади.

Фақат ўз манфаатини, бугунини ўйлаган Фазлиддин телеграмдаги «Бройлер.уз» номли гуруҳга икки хил: бири ўзининг номида, иккинчиси Қодир номли профилда аъзо бўлди. Гуруҳга асосан товуқ боқувчилар, товуқ гўштини олиб сотувчилар ҳамда озуқа олиб сотиш билан шуғулланувчилар аъзо эди. Ким нима сотмоқчи ёки олмоқчи бўлса, гуруҳга ёзиб қўяди.

Фазлиддин ҳам кўп миқдорда товуқ гўшти олмоқчилиги ҳақида эълон берди.

Ғайрат товуқ боқиб, бизнес қилиш учун банкдан 20 млн. сўм кредит олди. Кейин Жиззах вилоятидан 1900 та бройлер жўжасини ҳар бирини 8200 сўмдан олиб келиб, боқа бошлади. Жўжаларнинг 400 таси нобуд бўлди, қолганини семиртириб боқди. Декабрь ойининг охирларига бориб товуқларни сўйиб сотишни режа қилганди. Ой охирлайвергач Ғайрат харидор излади. Акмал исмли бир йигит билан 1500 та товуқни килосини 16 минг сўмдан сотишга келишди. Лекин Акмал ваъдасида турмади. Ғайрат ҳамма товуғини сўйиб бўлгандан кейин 14 минг сўмдан берса олишини айтди.

Бу нархга эса Ғайрат кўнмади. Шундан сўнг «Бройлер.уз» гуруҳига кириб, харидор қидириб, Фазлиддиннинг чекланмаган миқдорда товуқ гўшти сотиб олиш ҳақидаги эълонини кўриб тезда унга қўнғироқ қилди.

Фазлиддин қарзга олишни ўйлаб, ўша пайти музлатилмаган товуқ гўшти нархи 15000-15500 сўм бўлса-да, килосини 16500 сўмдан сотиб олишини айтди.

Товуқлар сўйилганини, сотишга мажбур эканини билиб, гўштни Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозорига олиб келиб беришини айтди. Ғайрат унинг таклифига рози бўлди. «Исузу» русумли машина топиб келиб, нархи 47 млн. 437 минг 500 сўмлик 2875 кг гўштни юклаб шериги Жасурни бирга юборди.

Улар кўришгач, Фазлиддин гўштни ўша ерда тарозида тортиб олиб, сотувчиларга тарқатишини, пулини 1 январь куни беришини айтди.

31 декабрь куни эрталаб Фазлиддин унга қўнғироқ қилиб, гўшти ҳидланганини, қайтариб олиб кетишини айтди.

Ора йўлда қолган Ғайрат «ўтказиб беринг» деб илтимос қилди. Бир-икки кундан сўнг Фазлиддин яна телефон қилиб, 200 та товуқ қолганини, қайтариб олиб кетишини, қолганларининг пулини беришини айтди.

Ғайрат танишининг машинасида йўлга чиқди. Фазлиддин айт ган жойга бориб, 200 та товуқ гўштини олди. Қолган гўштнинг пулини сўраганда, Фазлиддиндан «мен кимдан олган бўлсам ўша кишига бераман» деган гапни эшитди.

Шундан сўнг ҳар сафар телефон қилганда товуқ гўштининг пулини йиғолмаётганини айтиб алдаб келди. Кейинроқ телефонини ўчириб, «Бройлер.уз» гуруҳидан ҳам чиқиб кетди. Шундан сўнг Ғайрат тегишли жойга мурожаат қилди.

Шуҳрат 2016 йилдан буён тадбиркор сифатида товуқ гўштини олиб сотиш, товуқ боқиш билан шуғулланиб келади.

Бир куни танишларидан бири 10 тоннага яқин товуқ гўшти борлигини, шуни сотиб беришини илтимос қилди. Шундан сўнг Шуҳрат «Бройлер.уз» гуруҳидаги эълон бўйича Фазлиддинга қўнғироқ қилди.

Фазлиддин ўзини таништирганда асл исмини яширди. Тошкентлик эканини, гўшт олиб сотишини, қанча гўшт бўлса ҳаммасини олишини айтди. Шуҳрат унга аввал гўштни кўришни, маъқул келса савдолашишини айтди.

Фазлиддин Самарқандга келди. Шуҳрат унга Чортут маҳалласидаги музлаткичда сақланаётган гўштларни кўрсатди. Фазлиддинга маъқул келиб, килосини 14700 сўмдан олишга рози бўлди.
– Сиз юк машинасида кетма-кет юбораверинг. Бўлиб-бўлиб ҳаммасини сотиб оламан.

Фақат ҳозир нақд пулим йўқ, насияга берасиз. Бир ҳафта-ўн кунларда сотиб пулини бераман, – деди.
– Сизни биринчи марта кўриб турган бўлсам, қандай ишонаман шунча маҳсулотни? – деб кўнмади Шуҳрат.
– Худодан қўрқаман, бировнинг ҳақини емайман, – деб Фазлиддин уни кўндирди.

Фазлиддин кетгандан сўнг Шуҳрат ортидан бир «Газел» машинасида нархи 61 млн. 740 минг сўмлик 4200 кг гўштни юборди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Фазлиддинга қўнғироқ қилди. У эртага пулини таксидан бериб юборишини айтди. Лекин ҳеч қандай таксичи пул олиб келмади. Шуҳратнинг кейинги қўнғироқлари умуман жавобсиз қолди, Фазлиддиннинг профили ҳам ўчди.

Шуҳрат ҳайдовчидан ўша куни уларни Фазлиддиннинг жияни кутиб олиб, гўштларни бошқа юк машинасига ортиб кетганини билди, холос.

Фазлиддиннинг қилмишидан ИИБ ходимлари хабар топиб, суриштирув бошлангач, у жабрланувчиларга етказган зарарни қоплаб берди. Суд Фазлиддинга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Гафур ТАШНИЁЗОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси
бўлим катта прокурори