«Жўралар, бу ишда ҳамманинг улуши тенг!»

14:30 - 27.09.2021

6

2021 йил июнь ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар судида «Ўзметкомбинат» АЖда содир этилган талончилик жинояти кўриб чиқилди. Искандар Икромов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бекорчиликдан зерикиб, осон пул топиш режасини туза бошлади. У телефонидаги танишларининг рақамларини кўздан кечириб, «Али бригадир» деган ёзувга узоқ тикилиб қолади. «Алига даромадли ишни таклиф қилсам, менга йўқ деёлмайди» деб чақирув тугмасини босди. Икковлон салом-алик ва ҳол сўрашишгандан сўнг Искандар мақсадга ўтди.

– Искандар, таклифинг зўр! Аммо қўриқчиларсиз ишимиз битмайди.

– Бу томонини ўзинг ҳал қиласан. Қўриқчилар сени танишади, албатта.

– Эртага гаплашиб кўраман. Ишдан келиб, сенга телефон қиламан.

– Қара, сенга ишондим…

Али эртасига ишга эртароқ келиб, ишхонасидаги қўриқлаш хизматида навбатчилик қилаётган йигитларни гапга солди. Улар билан суҳбатлашиб, таниши Мурод Эргашевнинг навбатчилик куни ва телефон рақамини ёзиб олди. 

Орадан кўп ўтмай Али Сафаров, Искандар Икромов ва Мурод Эргашев талончилик жиноятининг режасини тузишди. Ўзига ишонган Мурод йигитларга:

– Жўралар, иш битиб, оладиган даромадимизни ҳозирдан келишиб олайлик. Бу ишда ҳамма тенг улушли бўлади… Хавотирга ўрин йўқ, – дея далда бергандек бўлди.

Режага мувофиқ 2020 йил 27 ноябрь куни комбинатнинг 2-навли металл прокат цехидан ҳеч қандай ҳужжатсиз, Али Сафаровнинг жавобгарлигида бўлган 227 080 384 сўмлик 38,65 тонна арматурани ўзлари ёллаган автоуловга ортиб, цехдан олиб чиқишади. Қўриқчи Мурод Эргашев шерикларига шароит яратиб беради. Арматура Тошкент шаҳрида жойлашган «Granit» МЧЖга тегишли омборга олиб келинади. Аммо у омборда кўп турмади…

Мазкур жиноят иши юзасидан олиб борилган текширув давомида талон-торож қилинган арматуранинг 29,28 тоннаси ашёвий далил тариқасида олинди. Суд улушдан умид қилган Искандар Икромов, Али Сафаров ва Мурод Эргашевга қилмишига яраша жазо тайинлади.