“Катта пул ютдим, шуни сизга ўтказсам дейман…”

10:30 - 27.09.2021

3

Ижтимоий тармоқларда чув тушиб қолаётган юртдошларимиз ҳам бор. Ўзбекистон туманида шундай ҳолат рўй берди. Р.З. исмли аёл 2021 йил 19 май куни номаълум шахс билан интернетдаги ижтимоий тармоқда танишиб қолади. У тармоқдаги совринли ўйинда пул ютиб олгани ва шу пулни пластик картасига ўтказиб беришини айтиб, аёлнинг номига расмийлаштирилган пластик карта рақами ва кодини олади. Картадаги 1 млн. 838 минг сўм пулни бошқа пластик картага ўтказади. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда. Қидирув давомида ушбу жиноятни А.Б. содир этгани аниқланди.

– Судларда фирибгарликка оид жиноят ишларини кўриш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фирибгар содда ва ишонувчан одамларни алдаб, уларнинг ишончини қозонади, – дейди Фарғона вилояти суди раисининг ўринбосари Бобохон Ваҳобов. – Натижада жабрланувчи пул ё мулкини унга беради. Кейинги пайтда вилоятимизда одамларнинг қорамолини алдаб олиб, пулини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юбориш жиноятлари анча кўпайган. 2021 йилнинг биринчи ярмида Жиноят кодексининг 168-моддаси билан 243 кишига нисбатан қўзғатилган 209 та иш тамомланиб, шундан 216 нафар шахсга нисбатан 184 та иш бўйича ҳукм чиқарилган. Ҳатто баъзилар фирибгарликни касб қилиб олган. Суд ҳукми билан жазо тайинланиб, муддатини ўтаб чиққандан кейин ҳам яна шу ишга қўл ураётганлар бор.