Қишлоқлар бунёдкорлик майдонига айланган

14:30 - 24.09.2021

14

Президентимизнинг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида эндиликда қишлоқлардаги бунёдкорлик ишларини янги сифат босқичига кўтариш, қишлоқ аҳолиси манфаатларини тўлиқ таъминлашга қаратилган ҳуқуқий база яратиш вазифаси қўйилмоқда.

Дастурларда белгиланган ишлар натижасида қишлоқ ва маҳаллалар ҳақиқий маънода обод бўлади. Қарор ижросини таъминлаш, айниқса қурилиш-таъмирлаш ишларига ажратиладиган маблағдан тўғри фойдаланиш ва талон-торож ҳолатларининг олдини олиш мақсадида прокуратура органлари томонидан бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида республика штаби, вилоят ва туман  (шаҳар)ларда прокурорлар бошчилигида алоҳида гуруҳлар ташкил этилди.

Тадбирлар натижасида Қашқадарё вилоятида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш талаб этиладиган 1994 та объектнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари тайёрланиб, 406 таси бўйича тендер ва танлов савдолари якунланди ва 1083 та объект бўйича пудрат шартномалари расмийлаштирилди. Дастур доирасидаги 71 та ичимлик суви объектида 129,4 млрд. сўмлик иш бажарилиб, 622 км сув тармоғи тортилди, 279,6 км йўлга асфальт ётқизилди ва 500 км йўлга шағал тўкилди. 598 км паст кучланишли электр тармоғи янгиланди ва 228 та трансформатор модернизация қилинди. 10,9 км газ тармоғи реконструкция қилинди, 76 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди ва аҳолига 1074 дона суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. 205 км янги алоқа тармоғи қурилди ва 168 та таянч станцияси модернизация қилинди. 73 та ижтимоий соҳа объекти (37 та мактаб, 28 та мактабгача таълим муассасаси, 8 та соғлиқни сақлаш муассасаси)да режадаги қурилиш-таъмирлаш ишлари муддатидан аввал якунланди.

Жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида объектларда сифатсиз бажарилган ёки тўхтаб қолган ишлар ҳақида хабар бериш имконини берувчи махсус телеграм-бот ишга туширилиб, у орқали келиб тушган 124 та хабар ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, объектларда 2 млрд. сўмдан ортиқ ишларни сифатсиз бажариш ва ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатлари бартараф этилиб, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинди.

Дастурлардан ташқари прокурорлар ташаббуси билан ҳам қўшимча қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 6 та маҳалланинг идораси таъмирлаб берилди, 104 та маҳаллага кириш жойига уларнинг номи ёзилган устун ўрнатилиб, 361 та ноқонуний қурилиш буздириб ташланди, маҳаллалар осойишталигини таъминлаш мақсадида 856 дона кўча чироқлари ўрнатилди.