Иссиқхоналар — ёшларга қўшимча даромад манбаи

18:00 - 23.09.2021

15

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг янги тизими яратилиши ишсизлар сонини камайтирибгина қолмай, халқ турмушини яхшилашда ҳам самара бермоқда. Когон тумани 2-секторида 2021 йилнинг 1 февралига қадар ташкил этилган гуруҳлар томонидан барча хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ўтган 8 ой давомида ёшларни ҳунарга ўқитиш, доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва бошқа йўналишларда бир қатор ишлар қилинди ҳамда 251 нафарининг бандлиги таъминланиб, «ёшлар дафтари»дан чиқарилди. 85 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 38 тасига имтиёзли кредит, 42 нафарига субсидия ажратилди.

«Ёшлар дафтари»даги 74 кишига фермер хўжаликларидан шартнома асосида ер берилди. 14 нафар ёш устоз-шогирд анъанаси асосида ўқитилди. Февраль-март ойларида 2-сектордаги 16 нафар ёшга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Ўртачўл, Туткунда, Тараққиёт маҳаллаларида ўнлаб ёшларнинг даромад манбаи – 1 сотихли иссиқхоналари бор. Шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагига юрган 26 кишига асбоб-ускуна олишда кўмаклашилди. Ўртачўл маҳалласида яшовчи М.Муродовга инкубатор ускунаси, Беклар маҳалласида яшовчи  С.Орифова ва Ш.Аҳмадовага тикув машинаси олиб берилди.

Ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз аёлларни ҳар томонлама қўллаш ва ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш тизимини жорий этиш мақсадида «аёллар дафтари» юритилмоқда. Сектор ҳудудидаги аҳолининг 51 фоизи, яъни 9413 нафари – аёллар.  1-босқичда дафтарга 313 нафар муҳтож аёл киритилиб, барчасининг бандлиги таъминланди. Ишсиз хотин-қизлар ҳам назардан четда қолмади. Ҳозирги кунга қадар дафтарга киритилган 313 аёлнинг муаммоси ҳал қилинди. 75 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 94 нафарига тадбиркорлик билан шуғулланиш учун банкдан кредит олишда ёрдам кўрсатилди. 19 нафарининг хонадонида субсидия асосида иссиқхона қад ростлади, 12 таси ҳунарга ўқитилаяпти, 19 нафарига тиббий ва бошқа турдаги, яна 7 нафарига эса ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, 13 тасига ер берилди.