Тотувлик, бирдамлик ва меҳр риштаси

13:00 - 23.09.2021

5

Аллоҳ инсонни яратганда уни ердаги жамики жонзотлардан устун қилиб қўйди, яъни унга онг ато этди. Ҳаётдаги энг олий маслаги фақат эзгулик бўлишини уқтирди. Ислом дини ҳам инсонни одобахлоқли, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Кишилар ўртасида бир-бирларига салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш ҳам ана шундай ахлоқ доирасига киради.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади: «…Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни «Ассалому алайкум» денг!)» (Нур сураси, 61-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири ҳилол» асаридан). «Салом» сўзининг маъноларидан бири тинчлик бўлиб, салом берган киши салом берилувчига тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик тилаган бўлади.

Ҳар нарсанинг одоби бўлгани каби салом беришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз…» деб буюради (Нур сураси, 86-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири ҳилол» асаридан).

Пиёдага уловдаги одам, кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом бериши тавсия этилади. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса, бу фазилатдир. Салом бериш суннат, алик олиш эса – фарз.

Яна шу нарсага эътибор бериш зарурки, айрим кишилар «ассому алайкум» ё «сомалайкум» деб салом беришади. Бу нотўғри, салом калималарини «ассалому алайкум» деб тўғри ва тўлиқ айтиш керак.

Бир неча ҳолатда салом бериш ва алик олиш жоиз бўлмайди:

  1. Салом берилган киши ҳожатхонада ёки ташқарида таҳорат олаётган бўлса, унга салом бериш ҳам ва саломга алик олиш ҳам макруҳ.
  2. Шу каби киши намоз ўқиётган ё азон айтаётган бўлса, унга ҳам салом бериш жоиз эмас. Намоз ўқиётган киши саломга жавоб қайтарса, намози бузилади.
  3. Уйқуда ёки мудроқда бўлган кишига ҳам салом берилмайди.
  4. Киши таом еётган бўлса ҳам унга салом берилмайди. Агар оғзида луқма бўлмаса, салом бериш мумкин ва саломга жавоб қилиш фарз бўлади.
  5. Қуръони карим тиловат қилаётган кишига ҳам салом бери жоиз эмас, агар салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнгра Қуръонни ўқишда давом қилади. Дуо қилаётган кишига ҳам салом бериш ножоиздир.

Инсон ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга ҳам «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деб салом бериб кириши мақсадга мувофиқдир.

Бу ҳақда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалам Анас розиёллоҳу анҳуга шундай деган: «Аҳли аёлинг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бергил! Саломинг шарофати билан сенга ва оила аъзоларингга Аллоҳнинг баракоти нозил бўлади».

Шундай экан, фарзандларимизга болалик чоғларидан бошлаб салом-алик одобларини ўргатиб боришимиз барчамизнинг бурчимиз эканини зинҳор унутмайлик. Зеро, саломлашиш инсонлар ўртасида тотувлик, дўстлик, бирдамлик ва муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашини ҳар бир оқил инсон яхши билади.

Инсон ҳайвонга тақлид қилса…

Яқинда қишлоққа бориб бир-иккита тадбирда қатнашишимга тўғри келди. Илгари ёшлар орасида саломлашишнинг антиқа тури пайдо бўлганини кўриб бир неча бор таажжубдан ёқа ушлаганман. Икки ёш бир-бири билан учрашиб қолса, тирсакларини тирсакларига, елкаларини елкаларига текизиб, кейин бошларини бошларига бир неча марта уриб, яъни шохлашиб кўришишарди. Баъзида ўнг тиззасининг ён томонини бир-бирининг тиззасига ҳам уриб қўйишарди. Ўшанда ҳайвонлар ҳам бир-бирини кўрганда таваккал шохлашмайди, балки уришганда шохлашади деб ажаблангандим.

Коронавирус пандемияси сабаб бу ғайри одат барҳам топиб кетган бўлса керак деган хаёлда эдим. Афсуски, адашган эканман. Ёшлар ҳали ҳам эски қилиқларини ташламаган. Ниқоб тақиш, масофа сақлаш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Эс-ҳушли, имонли одам ҳеч қачон ҳайвонга тақлид қилиб, ўзлигидан кечмайди. Ахир тепишиш, шохлашиш ҳайвонларга хос-ку? Кишининг энсасини қотирадиган бундай саломлашиш ҳақида жиддийроқ бош қотириш керакка ўхшайди.

Қўл бериб саломлашиш шартми?

Олимларнинг фикрича, бир қанча касалликларнинг тарқалишига айнан қўл бериб сўрашиш сабаб бўлар экан.

Ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида бу янада хавфли. Уэлсдаги Аберистуит университети олимлари ҳатто қўл тегар-тегмас кўришганда ҳам касаллик юқиши мумкин, қўллар қаттиқ қисиб кўришилганда эса ўн баравар кўпроқ бактерия ўтади деган фикрда. Улар ўтказган тадқиқот натижаси ҳар йили 28 июлда нишонланадиган халқаро гепатитга қарши курашиш куни муносабати билан АҚШнинг «Аmerican Jоurnal оf Infectiоn Cоntrоl» журналида чоп этилди.

Дарҳақиқат, олимларнинг ташвишланиши бежиз эмас. Қанчадан-қанча касалликлар яқин мулоқот натижасида юқиши аниқ. Шу сабабли ҳуда-беҳуда қўл бериб кўришавериш шартми?

Оралиқ масофани сақлаган ҳолда самимий сўрашилса, шунинг ўзи етарли эмасми? Кўча-кўйда, жамоат жойларида, айниқса тўйларда аёлларнинг икки-уч марталаб ўпишиб кўришишларига кўзимиз тушади. Қанчалик хунук кўринмасин, шундай кўришишга одатланган эркаклар ҳам бор.

Ўнлаб таниш-билишлари билан қўл бериб кўришганига қарамай кимдир қўлини ювади, кимдир йўқ. Қадимда ҳар бир халқнинг ўзига хос саломлашиш одати шаклланган бўлса-да, бугунги кунда қўл бериб кўришиш дунё бўйича кенг тарқалган. Қолаверса, сўрашиш учун кимдир қўлини узатса, беихтиёр сиз ҳам қўл узатасиз. Узатмаслик қаршингиздаги кишига саломни аликсиз қолдиришдан ҳам ёмонроқ таъсир кўрсатади. Қўл қисиб саломлашишнинг яхши жиҳатлари ҳам бор. Масалан, бу одат дўст-биродарлар, қариндошларнинг бир-бирига меҳрлироқ бўлишларида ўз таъсирини кўрсатади. Бироқ ҳозирги пандемия шароитида унинг гигиеник таъсирини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шундай экан, саломлашишда ҳам гўзал ахлоқларга амал қилишимиз, қад риятларимизга ёт одатлардан воз кечишимиз лозим.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»