Ҳар кимга ҳам ишонманг

18:00 - 22.09.2021

5

Урганчлик А.Қ. 34 ёшда. Бу пайтга қадар Жиноят кодексининг 168-моддасида келтирилган жиноятни содир этгани учун уч марта судланган. Аммо букрини гўр тўғрилайди деганларидек, бундан тўғри хулоса чиқара олмаган.

А.Қ. ўзини гоҳ давлат мутасаддиси, гоҳ ҳуқуқ-тартибот органи ходими, баъзида катта инсоннинг энг яқин ошнаси сифатида таништириб, турли муаммоларини ҳал этишни ваъда қилиб, одамларнинг пулини олишни хуш кўради.

У бир аёлнинг хусусий мактабгача таълим ташкилоти ташкил қилиш истагидан воқиф бўлгач, унинг атрофида гирдикапалак бўла бошлади. Бор-йўғи 500 АҚШ доллари эвазига масаласини тез ва осон ҳал қилиб беришини айтди, керакли ҳужжатларни тайёрлашни ҳам зиммасига олди. Содда аёл оворагарчиликлардан қутуларканман-да деган ўй билан А.Қ.га айтган пулини берди. Аммо алданганини кеч билди.

А.Қ. яна бир аёлга ҳокимият тизимида ишлашини айтиб, камбағал оилаларга имтиёзли шартлар асосида бериладиган уйдан олиб беришни ваъда қилди. Эвазига эса 700 доллар сўради. Аёлдан айтилган пулни ундиргач, бошқаларни ҳам шу тарзда алдашга киришди. Б.Ў.га имтиёзли шартлар асосида уй олиб беришни ваъда қилиб 800 доллар, Д.И.дан 500 доллар, Ж.Х.дан 7 млн. 830 минг сўм ва 100 доллар, Ш.Қ.дан 400 доллар, М.Қ.дан 400 доллар олишга муваффақ бўлди.

«Кўза кунда эмас, кунида синади» дейдилар. Ўзини доно, бошқаларни лақма билиб, фириб бериб келаётган А.Қ.нинг қилмишлари фош бўлди. Суд ҳукми билан хавфли рецидивист деб топилиб, жазога тортилди.

Жиноятчи-ку жазосини олди. Аммо ҳали ҳам орамизда содда инсонлар кўп. Улардан эгри йўллар билан ишини битириб беришни ваъда қилаётган ҳар хил одамларга ишонмасликни сўраймиз. Мамлакатимизда ҳар қандай мақсадга қонуний йўл билан эришиш имконияти мавжуд.