Ҳаром юқмайди

13:00 - 22.09.2021

9

Фаолиятимиз давомида навбатчилик пайти кутилмаган воқеалар рўй берарди. Бир куни тунда, соат тахминан иккиларда бир аёл бизнинг идорага мурожаат қилиб, уни икки нотаниш эркак зўрлаб, номусига тажовуз қилганини билдирди (у пайтлар номусга тегиш жинояти ҳақидаги хабарлар бизнинг идора ваколатига тааллуқли эди). Унинг кўйлаги йиртилган, танасида жароҳат излари бор эди.

Аёлнинг аризасини олиб, махсус гуруҳ билан воқеа жойига бордик. Шаҳардаги йирик корхонага тегишли стадионнинг бассейнида кечаси билан маишатпарастлик бўлганининг шоҳиди бўлдик, бассейнга кираверишдаги стол спиртли ичимлик ва таом қолдиқларига тўла эди. Аёлни суд-тиббий экспертизасидан ўтказдик, танасидаги жароҳатлар тасдиғини топди.

Махсус гуруҳ тезда икки кишини идорамизга олиб келди. Улар шикоят қилган аёл билан ўз хоҳишига кўра бирга бўлишганини, уни мажбурлашмаганини тушунтиришди. Аёл эса улар мажбурлашганини, шу сабабли уларни қамоққа олиб, қонуний чора кўришни талаб қилди. Барчасини ички ишлар идорасига олиб кетишди.

Тонг отиши билан жиноий ҳодиса рўй берган ҳудуднинг нозири Баҳром Баратов (исм-фамилияси ўзгартирилган) бизнинг идорага югуриб келиб, унинг ҳудудида жойлашган корхонада ножўя ишлар содир этилганини айтиб, бунинг учун унга гап тегиши мумкинлигини билдириб, жиноят ҳақидаги хабарни расмийлаштирмасликни илтимос қилди. Мен уни рад қилиб, кечаси жиноят содир этилганини ва бу экспертиза хулосаси билан тасдиқланганини, бу хабарни раҳбариятга билдирмасдан ва идорамизда қайд қилмасдан иложим йўқлигини айтдим. Шунда Баҳром аёлнинг ўзи фоҳиша эканини ва аризасини қайтариб олиши мумкинлигини айтиб чиқиб кетди.

Бироздан сўнг қайтиб кириб, йигитлар аёлни рози қилишганини ва улар ярашганини билдириб, аризани қайд қилмасликни илтимос қилиб, менга газетага ўралган пулни узатди. Мен аризани қайд қилишимни айтдим ва уни пулини олмасдан хонамдан чиқариб юбордим.

Эрталаб идорамизнинг раҳбари келди, бўлган воқеани баён қилдим. Аёлнинг аризаси қайд қилинди ва кўриб чиқиш учун терговчига ўтказилди.

Орадан йиллар ўтди. Баҳром участка нозирлигидан пенсияга чиқиб, шаҳардаги қайси бир маҳаллада раис бўлиб ишлай бошлади. Ўзининг «одамларни яраштириш қобилияти», фирибгарлиги учун судланди. Яқинда бир маъракада у билан учрашиб қолдик. Баҳром ҳам қариган, сочларига оқ тушган. Негадир нотинч эди.

Ҳол сўрашдик, гапдан гап чиқиб, нима қилаётганини сўрадим. Баҳром пенсияга чиққанини, яхши пенсия олаётганини, тадбиркорлик ҳам қилаётганини, бироқ топгани касал фарзандини даволашга кетаётганини баён қилди. Айтиб беришича, органда ишлаб юрган вақтида икки қаватли, ҳашаматли уй қурган экан. Бўйи етган қизи иккинчи қаватдаги балкондан йиқилиб тушиб, фалаж бўлиб қолибди. Уни даволатиш учун хориж га ҳам олиб бориб келганини, бироқ ҳеч тузалмаётганини билдирди. Шунда бирдагина кўп йиллар олдин Баҳром фоҳиша аёлнинг кирдикорини ёпиш учун пул олгани эсимга тушди…

Ҳаром пул буюрмайди, қаердандир тешиб чиқади. Ўзига урса майли, лекин фарзандига урса, бундан ёмони бўлмаса керак.

Ҳамза МУРОД,
ҳуқуқшунос