Поликлиниканинг қолган гилами қани?

10:30 - 22.09.2021

9

Элликқалъа тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаган З.Раҳимов (исм-фамилиялар ўзгартилган) лавозимидан ғараз ниятда фойдаланди. Ноқонуний бойлик орттириш мақсадида жиноят содир қилди. У бирлашма бош ҳисобчиси М.Қурбонов билан жиноий тил бириктиради.

Гап шундаки, 2018 йилда туман тиббиёт бирлашмаси ва «Наврўз» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 11 хил мебель ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича 144 млн. 600 минг сўмлик шартнома имзоланади. Орадан бироз муддат ўтгач, шартномада кўрсатилган пул тўланиб, маҳсулотлар олиб келинади.

Табиийки, уларни бирлашма марказий омборхонаси мудири Ж.Рашидов қабул қилиб олиши лозим эди. Аммо у касалхонада даволанаётгани боис З.Раҳимов маҳсулотларни қабул қилиб олиш ҳақидаги ҳужжатга бирлашма ҳисобчиси орқали Ж.Рашидовга имзо қўйдириб олади. Шу тариқа моддий жавобгарлик масаласини ишда бўлмаган мудирнинг зиммасида қолдиришга эришади. Ва нархи 18 млн. 600 минг сўм бўлган 60 та болалар кароватини талон-торож қилади.

Орадан маълум вақт ўтиб, З.Раҳимов яна М.Қурбонов билан тил бириктириб, «Наврўз» МЧЖ билан 247 млн. 49 минг сўмлик 27 хил маҳсулот етказиб бериш шартномасини тузади. Етказиб берилган маҳсулотлардан 548 квадрат метр гиламни гўё 60-қишлоқ оилавий поликлиникаси учун харид қилинган деб ҳужжатлаштиради. Поликлиникага эса 84 квадрат метр гилам беради. Поликлиниканинг хўжалик ишлари бўйича мудирига 548 квадрат метр гиламни қабул қилиб олгани ҳақида имзо қўйдириб олади. Шу йўл билан 464 квадрат метр гилам ўзлаштирилади.

З.Раҳимов бош ҳисобчи ҳамда тумандаги «Қурилиш-таъмирлаш» фирмаси раҳбари билан тил бириктириб, тиббиёт бирлашмасини 509 млн. 650 минг сўмга таъмирлаш тўғрисида пудрат шартномаси тузади ва ҳар хил муддатларда пулини ўтказиб беради. Қурилиш ишлари тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, бажарилгани тўғрисидаги ҳужжатларни тасдиқлайди ва бюджет маблағини талон-торож қилади. Шундай қилиб, собиқ раҳбар жиноий шериклари билан давлатга 196 млн. 439 минг сўмлик зарар етказади. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан суд томонидан қонуний жазо тайинланди. Етказилган зарар тўлиқ ундирилди.