Одил, шаффоф ва халқчил тузилма

15:00 - 21.09.2021

6

Мамлакатимизда юриспруденциянинг асосий йўналишларидан бири – жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш, соҳага замонавий стандартлар ва хорижий амалиётни жорий этишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим аҳамиятга эга. Мазкур стратегия асосида «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, жиноят ишларини юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни кучайтириш чоралари кўрилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимининг такомиллашуви

Жиноят-процессуал қонунчилигида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият қаратилган. Қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра жиноят процесси иштирокчилари ё уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик, жисмоний тазйиқ ва бош қа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда олинган ҳамда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бунинг оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш тақиқланди.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қийноқлар ва асоссиз ушлаб туриш ҳолатлари ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини акс эттирувчи индикаторлардан бири сифатида кўрсатилди. Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида ҳам қийноқларнинг олдини олиш бў йича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида Ўзбекистонда фуқаролар қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини, бундай жиноят қачон содир этилганидан қатъи назар, жазо муқаррарлигини таъкидлади.

Тергов ва суриштирув соҳасидаги институционал ислоҳотлар

Сўнгги йилларда жиноят-процессуал қонунчиликнинг
тергов билан боғлиқ нормаларида концептуал ўзгаришлар
юз берди. Хусусан, 2021 йилда киритилган ўзгаришларга кўра Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари билан бир қаторда, Қорақалпоғис тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокурорлари, шунинг дек, уларга тенглаштирилган прокурорлар ҳам жиноят ишини, терговга тегишлилик қоидаларидан қатъи назар, қонунчиликда белгиланган ҳолларда дастлабки тергов органидан бош қасига ўтказишга ҳақли экани белгиланди.

Шунингдек, ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноят очилишига фаол кўмаклашган ва етказилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи кам, унча оғир бўлмаган жиноятлар бў йича имзолайдиган «айбга иқрорлик тўғрисида келишув» институти жорий этилди.

Бу келишувга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида бериши мумкин.

Давлат раҳбари 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифасини қўйди.

Яна бир муҳим ўзгариш бўлди. 2019 йилга қадар жиноят ишлари бўйича суриштирувни ички ишлар органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Мажбурий ижро бюроси, Давлат божхона қўмитаси амалга ошириб келган. Жиноят-процессуал кодексига 2019 йил 8 июлда киритилган ўзгартиришга кўра Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳам суриштирув органи сифатида белгиланди.

Суд-тергов фаолиятини рақамлаштириш

Суд-тергов фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва 3 сентябрдаги «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамиятга эга.

Фармонга кўра «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизимида яратилган жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш натижасининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий модулнинг барча терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга уланиши белгиланди.

Бугун судлар фаолиятига рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Жумладан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш амалиёти йўлга қўйилган.

Судлар жарималарни камайтириш ёки қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимлари интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиши ҳамда алимент миқдорини белгилашда туманлар бўйича ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шакл да олиши белгиланди.

Шунингдек, 2019 йил 23 майдаги жиноят-процессуал қонунчилигига киритилган ўзгаришларга кўра гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи ва айб ланувчи иштирокидаги тергов ҳаракатлари (сўроқ, шахсларни ва нарсаларни таниб олиш, юзлаштириш) мазкур шахсларни улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги вилоят, туман (шаҳар)нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига ёки судига чақирган, техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлиги белгиланди.

Жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти

Сўнгги йилларда фуқароларнинг одил судловга ишончини ошириш, ишларни судда кўриш сифатини яхшилаш, холис, адолатли ва қонуний қарор қабул қилиш учун тарафлар тенглиги ва тортишувчанлигини таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бў йича судлар фаолияти такомиллаштирилди.

2021 йилдан бошлаб фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйи ча вилоят судлари, шунингдек, иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган, суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Рес публикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамо йилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тез аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилди.

Шунингдек, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш тартиби жорий этилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Дилдора БОЗОРОВА,
ТДЮУ жиноят-процессуал ҳуқуқи
кафедраси мудири