Трамвайни талаганлар

11:00 - 21.09.2021

2

Фарҳод (исмлар ўзгартирилган) бир неча йилдан бери «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат корхонаси директори лавозимида ишлаб келаётганди. Корхонада текшириш ўтказилганда Фарҳод жуда кўп мулкни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ишда унга корхонанинг бош ҳисобчиси Нодир ёрдам берган.

Фарҳод эҳтиёт қисмлар сотиб олиш, шунингдек, халқаро конференцияларда қатнашиш учун ходимлари билан бирга бир неча марта Чехияга хизмат сафари билан боради. Текшириш жараёнида хизмат сафарига бориб келиши учун ажратилган пулдан 74,6 млн. сўмини нотўғри ишлатиб юборгани маълум бўлди.

2017 йилда 13, 2018 йилда 15, 2019 йилда 12 нафар ходимга ортиқча иш ҳақи тўланишига йўл қўйилиб, корхонанинг жами 235,8 млн. сўм пули талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, турли мақсадларда 61,4 млн. сўм пул корхона ҳисобрақамидан кўчириб берилган. 2019 – 2020-йилларда меҳнат шартномаси тузилмаган уч фуқарога 1,7 млн. сўм иш ҳақи тўлаб берилган. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 180-моддаси 4-қисми талаби бузилиб, 2017 – 2020-йилларда ҳайфсан жазоси қўлланган ходимларга 24 ҳолатда 19,4 млн. сўм пулни рағбатлантириш сифатида тўлаб берилган.

Булардан ташқари, шу йилларда мукофот пули берилиши тўғрисида қонунга хилоф равишда чиқарилган буйруқларга асосланиб, 91 ҳолатда 132,5 млн. сўм пул талон-торож қилинган. Фарҳод ва Нодир 2017 – 2019-йилларда 2207 ҳолатда корхонанинг корпоратив картасидан 810 млн. 410 минг 600 сўм пулни чиқим қилиб, шунинг 636 млн. 122 минг 700 сўмини нотўғри сарфлайди. Корхона ҳисобчиси 2018 – 2020-йилларда банкдан корхона ходимларининг ойлик маоши учун 143 млн. сўм нақд пул олади, лекин тарқатмасдан, ўзининг эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборади.

Раҳбар ва ҳисобчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2017 йили корхона раҳбари (қарз берувчи) ва ҳисобчи (қарз олувчи) ўртасида қарз шартномаси тузиб, Нодирга уй сотиб олиши учун корхонадан 100 млн. сўм узоқ муддатли фоизсиз қарз беришга келишишади. 2017 йилда жами 62 млн. сўм пулни Нодирнинг пластик картасига ўтказишади.

Шунингдек, улар мансаб ваколатларидан фойдаланиб, «Samarqand avtoyo‘lovchi trans» МЧЖ билан 2018 йилда молиявий ёрдам сифатида пул бериш бўйича шартнома тузиб, корхонанинг 62,5 млн. сўм маблағини асоссиз, яъни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги билан ёзма келишувсиз кўчириб беришган.

Судда cудланувчилар ҳозирги кунда етказилган зарарлар тўлиқ қопланганини, қилмишларидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик сўрашди.

Суд ҳукми билан Фарҳодга 1 йилу 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, яъни 33 млн. 450 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Нодирга 1 йилу 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.