“Таълим муҳимми ёки чўнтак?!”

14:30 - 20.09.2021

10

Бугун жамиятимизда мактабнинг, ўқитувчиларнинг нуфузи ортиб бормоқда. Аммо ўз ҳамкасбларининг ризқига чанг солаётган зиёлилар ҳам учраб туриши дилингизни хира қилади…

Бунга С.Жабборов ва Қ.Норовлар мисол бўла олади. Ўқитувчи Н.Бойқобиловага 2017 йилда меҳнат таътилида бўлган даври учун 610 844 сўм, директор ўринбосари С.Қораевага эса худди шундай ҳолат учун 544 500 сўм, мактаб кутубхоначиси М.Маллаева кейинроқ ишга қабул қилинган бўлса-да, унинг ишламаган даври учун 249 648 сўм, туғруқ таътилига чиққан ходим Д.Мейликовага ишламаган даври учун 381 410 сўм, лаборант ва тўгарак раҳбари бўлиб ишламаган собиқ бош ҳисобчи Қ.Норовга 1 млн. 390 минг 576 сўм… Шу тариқа мактабда ўнлаб ходимларнинг номига ёзилган пуллар изсиз ғойиб бўлди. Нафси ҳакалак отган директор ва ҳисобчи бу билан ҳам кифояланмади. Махсус комиссия қарори ва директор буйруғисиз ўқитувчиларга моддий рағбат пулларини директор жамғармаси ҳисобидан тўлаб, ўзлаштириб юборишди.

Шу тариқа ҳисобчи 51 млн. 865 минг 100 сўм, директор эса 43 млн. 034 минг 510 сўм бюджет маблағини талон-торож қилди.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани суди томонидан 23-мактабда ўтказилган мажлисда Салом Жабборов ва Қўлдош Норовнинг жиноят иши кўрилди. Суд ҳукмига кўра Салом Жабборов ва Қўлдош Норовга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараварига тенг жарима тайинланди.

Бировнинг ризқи бировга буюрмаган. Айниқса, остонаси муқаддас деб улуғланган таълим даргоҳида қилинган қинғирлик фош бўлмай қолмайди. Жарималар тўланар, камомадлар қопланар, бироқ йўқотилган обрў ва ишонч ўрнини қоплаб бўлармикан?