Беш йил тўшакка михлансанг-да, йўлланма йўқ!

13:00 - 20.09.2021

11

Қонунчилигимизда айнан бир касаллик туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги узлуксиз 4 ойдан ортиқ давом этадиган (сил касаллигига чалинган беморлардан ташқари) шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланган. Наманган вилояти прокуратураси органлари ногиронларга оид қонунчилик ижросини ўрганганида бу борада йўл қўйилган қонунбузилишлар юзага чиқди. Ҳудуд ва тор доирадаги мутахассис врачлар томонидан назоратга олинган беморларга тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига ўз вақтида йўлланма берилмагани оқибатида меҳнат лаёқатини йўқотган шахсларга ногиронлик гуруҳлари белгиланмай қолган.

Мисол учун, 2016 йилдан буён «Вертеброген радикулопатия бўйин умуртқалари остеохондрози» ташхиси билан назоратда турган, Наманган шаҳрида яшовчи Ж.Нўъмонов 5 йилдан буён икки оёғи ишламай, бир жойда ётишига қарамасдан, ўрганиш кунига қадар унга тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига йўлланма берилмаган. Ўрганиш давомида унга муддатсиз даврга 1-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, аравача билан таъминланди.

Ўрганиш кунига қадар вилоятда меҳнатга лаёқатсиз сифатида назоратга олинган 4428 кишининг 1583 нафарига 5 йил, 300 нафарига 4 йил, 539 нафарига 3 йил, 809 нафарига 2 йил, 667 нафарига 1 йил ҳамда 512 нафарига 6 ойдан ортиқ вақт бўлган эса-да, ногиронлик гуруҳи белгилаш учун тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига йўлланма берилмагани аниқланди.

Прокуратура ташаббуси билан уларнинг барчаси тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик натижасига кўра назоратга олинганига 5 йил бўлган 49 нафар, 4 йил бўлган 57 нафар, 3 йил бўлган 87 нафар, 2 йил бўлган 113 нафар, 1 йил бўлган 101 нафар ҳамда 6 ойдан ортиқ бўлган 101 нафар, жами 508 фуқаронинг 60 нафарига 1-гуруҳ, 390 нафарига 2-гуруҳ ҳамда 58 нафарига 3-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, уларнинг 450 нафарига 542,3 млн. сўм нафақа тайинланиши таъминланди. Шунингдек, 142 та аравача, 87 та эшитиш мосламаси, 68 та қўлтиқтаёқ, 21 та ҳасса, 21 та ортопедик ва протез воситаси, сиҳатгоҳга 111 та йўлланма берилди.

Бундан ташқари, қонун бузилишини бартараф этиш тўғрисида жойларга 14 та тақдимнома киритилиб, 7 нафар тиббиёт ходимининг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Келгусида юқоридаги каби камчиликларнинг олдини олиш мақсадида шифокорлар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш, шунингдек, назоратдаги беморларни ногиронликка ўтказиш масалалари бўйича алоҳида электрон сервер тизимини яратиш, касаллик варақаси ҳамда 0/88-шаклни электрон юритиш таклифи билдирилди.