ДТМ фаолиятидан одамлар розими?

16:00 - 20.09.2021

8

«Қизим шунча тайёрланиб ўқишдан йиқилди. Қўлида айлтси (IELTS – инглиз тилини билиш даражасини кўрсатувчи халқаро сертификат) ҳам бор эди. Э, умуман ишонмайман! Бизда олий таълимга кириш турганбитгани коррупция!».

Маъракада ҳеч кимга гап бермаётган аёлнинг ўзини ҳам, фарзандларини ҳам яхши танийман. Қўшни домда яшашади. Бу йил биринчи уринишдаёқ университетларга кириб кетган маҳалла болалари мактабдан тўгаракка, тўгаракдан ўқув марказларига шошилганида, уникилар кўча санғиб, писта чақиб юришгани ҳам рост. Аммо начора, ҳар ким дунёни ўз қаричи билан ўлчайди…

Аслида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш билан боғлиқ ўзгаришларнинг ҳаммаси кўз олдимизда содир бўлаяпти.

Илгари ёшларнинг олий таълимга қамров даражаси атиги 9 фоиз бўлган. Бу бир томондан малакали мутахассислар етишмовчилигини келтириб чиқарса, қолган 91 фоиз ёшларнинг тақдири нима бўлади деган масала ҳам сўроқ остида қоларди. Яширишнинг ҳожати йўқ, мактабни тугатганларнинг кўпчилиги бошқа давлатларга иш излаб кетар, ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган айрим қоракўзларнинг тақдири турли ўзанга бурилиб кетарди. Юртимиздаги олий таълим муассасалари сони нари борса 60 тадан ошарди. Айни пайтда бу кўрсаткич 130 дан ошди.

Одамлар Давлат тест маркази, қабул комиссиялари фаолиятига бутунлай ишонмай қўйган эди. 1 август куни кўз кўриб қулоқ эшитмаган усуллар, «бункер»лар ишлашини ҳатто абитуриентлар ҳам билишарди.

Имтиҳон саволлари шу қадар мураккаб тузилардики, ечишга фанларнинг энг кучли, билимли мутахассислари ҳам қийналарди. Бу ўйинларни тўхтатиш имконсиздек эди. Мақсад битта – йиқитиш бўлган. Натижада келажакда етук кадр бўлиб, ватан тараққиётига ҳисса қўшадиган интеллект соҳибларини қўлдан бой бердик.

Мамнуният билан айтиш керак, шу пайтгача юртимиз олий таълим муассасаларига қабул бу йилдаги каби шаффоф, ошкора ва адолатли ўтган эмас. Бу йил Давлат тест маркази сайти, телеграм канали ва махсус ботлар тезкор ишлади, имтиҳон топширган абитуриент қанча балл тўплаганини эртаси куниёқ билди. Ҳатто танлаган йўналишида нечанчи ўринда турганини, таъбир жоиз бўлса, ўқишга киргани ёки йиқилгани ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлди. Абитуриентларга тест топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналиш лари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик шартнома асосида танловда қатнашиш ҳуқуқи ҳам қўшимча имконият бўлди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун қўшимча 2000 та давлат гранти ажратилди. Ногиронлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун алоҳида имтиёзлар эълон қилинди.

Ўз билимига ишонган, пухта тайёрланган ёшларнинг орзулари ушалди.
– Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирдим, – дейди Хоразм вилояти Боғот тумани Ашхобод маҳалласидан Нилуфар Қиличева. – Отам вафот этган, оиламиз кам даромадли. Шу боис академик лицейда ўқиш имконим бўлмади.

Маҳалламиздаги 15-мактабни шу йил тугатдим. Мақсадимга эришиш учун пул эмас, чуқур билим кераклиги, кириш имтиҳони адолатли бўлишига ишониб, қаттиқ тайёргарлик кўрдим. «Оддий деҳқон боласи бу даргоҳларда ўқий олмайди» деб фикримдан қайтармоқчи бўлганлар ҳам бўлди. Мен эса бу гапларга парво қилмай ўқидим. Мана, орзуимга эришдим. Бу ҳали бошланиши. Насиб этса, аъло ўқиб, ҳуқуқшунос дипломини олгач, қишлоғимиз одамларига нафим тегса, уларнинг ҳуқуқий онгини ўстирсам дейман.

Айни пайтда нафақат қабул жараёнларида шаффофлик таъминланди, балки талабаларнинг шунчаки диплом эгаси эмас, халқаро стандартлар даражасида малакали мутахассис бўлиб етишиши учун кўп иш қилинмоқда. Иқтисодиётнинг, ижтимоий ҳаётнинг реал талабларини инобатга олиш ва шундан келиб чиқиб олий таълим тизимини такомиллаштириш эса ҳудудларда кадрлар етишмовчилиги, қўнимсизлигининг олдини олади. Ўз ишини севган ва шу орқали халққа фойдаси тегадиган зиёлилар сонини кўпайтиради.

Олий таълим муассасаларига қабул жараёнларида, яъни ДТМ фаолиятида бу йил катта ўзгариш бўлди. Бу эътирофга лойиқ. Бундан буёғига ҳам шундай бўлиши керак.

Йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилиши лозим. Зеро, айнан шу тизимнинг тўғри ишлаши, муносибларни саралай олиши мамлакат юксалишига пойдевор бўлади.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»