“Қараб туринг, сизни директорликдан олдираман!”

18:00 - 17.09.2021

8

Наби Ҳамидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Сурхондарё вилоятидаги қурилиш фирмаларининг бирида 10 йилдан буён бош директор вазифасида ишлаб келаётган эди.

2020 йил 7 ноябрь куни Наби тахминан соат 23:00 ларда одатдагидек уйига ширакайф ҳолда кириб келади. Турмуш ўртоғи Нодира Ҳамидова эрининг ичиб келганини сезиб қолади. У эрига эътироз билдириб, бу сафар Қурилиш вазирлиги, прокуратура ва президентга ҳам устидан шикоят қилишини айтиб пўписа қилади. Аёлининг бу гапларига ўрганиб қолган Наби аввалига аҳамият бермади. Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқиши айни ҳақиқат.

– Бор, яна милиция чақир. Қўшнилар чиқсин. Ҳар сафаргидек масхара бўлайлик. Эрталабдан сен прокуратуранинг эшигида шикоятинг билан мўлтиллаб ўтир. Ўзи қанақа хотинсан? Пул билан таъминлаб қўйсам. Сенга яна нима керак, а?

– Сизнинг ҳар сафар ичиб келишингиздан тўйдим. Қўшнилар фарзандларимизни «алкашнинг боласи» деб қўли билан кўрсатиш даражасига олиб келдингиз. Фарзандларингиздан уялинг. На оилага, на болалар тарбиясига қарайсиз. Пулни олиб келишни ҳамма билади. Фарзандларга меҳр-эътибор йўқ. Рўзғор билан ҳам ишингиз бўлмайди. Ҳар сафар ичиб кеч келсангиз «Тошкентдан раҳбарлар келди» ёки «текширувчилар билан ушланиб қолдим» деган баҳоналарингиз тайёр. Мен қаердан билай, балки биронта ойимчани топиб олиб кайф-сафо қилиб келгандирсиз? Баҳонангиздан ҳам тўйдим. Қараб туринг, сизни директор лавозимидан олдириб ташламасам…

Бу галги жанжал узоқ давом этди. Нодиранинг ҳар бир гапи ва олдинги қилиқлари эрининг миясига нишдек қадалаверди. Бир пайт жаҳл устида Наби столдаги пичоқни хотинининг дуч келган жойига бир неча бор санчиб олади. Ўн ёшли болакай онасининг қонга беланиб ҳушсиз ётганини ва отасининг қўлидаги қонли пичоқни кўриб, хонадан отилиб чиқади ва ён қўшнисиникига кириб, улардан ёрдам сўрайди. Воқеа жойига қишлоқ  аҳли, «тез ёрдам» ходимлари ва участка нозири зудлик билан етиб келишади.

…Суд зали. Н.Ҳамидов билан ишлаган ҳамкасблари «директор меҳнаткаш ва виждонли йигит» деб таърифлашди. Марҳум Нодира Ҳамидованинг қўни-қўшнилари эса «қўшнимиз Нодирахон киришимли аёл эди. Наби улфатчилик қилиб, уйга маст келса хотини ўша куни жанжал кўтарарди. Аёли бир неча бор эри билан жанжаллашганда милиция чақиртирган. Милиция ходимлари ҳам ўз вазифасини бажариб, жарима қўллаб кетишган, холос. Биз ҳам уларнинг уришиши одатдагидек бўлса керак деб ўйлабмиз» дея кўрсатма беришди. Марҳумнинг опаси Шоира эса синглисининг прокуратурага тўрт марта шикоят қилиб, эрини директор лавозимидан олиб ташлашларини ва оиладаги муносабатлари тўғрисида ариза ёзгани ва ўша аризаларнинг нусхаси унда сақланиб турганини айтиб, нусхаларни судга тақдим этди. Суд Наби Ҳамидовни 19 йилга озодликдан маҳрум қилди.