Божхоначилар кўп “адашибди”

14:30 - 17.09.2021

12

Божхона хизмати ислоҳ қилинмоқда. Хорижий мамлакатлардаги шериклар билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилувчи қонун-қоидалар такомиллаштирилаяпти. Маҳсулотларнинг ҳужжатини расмийлаштиришдаги сансалорликлар бартараф этилмоқда. Назорат тадбирларида Божхона кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижроси таҳлил қилиниб, қонун бузилишини бартараф этиш ва олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Марғилон божхона постида 2020 йил ва 2021 йилнинг бошида импорт қилинган товарлар номенклатурасининг кодлари нотўғри малакалангани туфайли давлат бюджетига 49 та ҳолатда 22 млн. 709 минг сўм кам бож ҳисобланган. Божхона инспектори Қўқон шаҳридаги МЧЖнинг юк декларациясидаги пропилен полимер плёнкасининг товар номенклатура кодини нотўғри киритиб, эркин муомалага чиқариш тарзида расмийлаштиргани натижасида давлат бюджетига 7 млн. 524 минг сўм бож кам ундирилган. Пост инспекторлари томонидан жами 119 ҳолатда товар номенклатураси нотўғри расмийлаштирилиб, эркин муомалага чиқариб юборилган.

Қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларини ҳамда республиканинг инвестициявий дастурларини амалга оширишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига бож тўловидан жами 378 млрд. 500 млн. сўмлик имтиёз берилиб, халқаро келишувлар асосида жами 82 млрд. 100 млн. сўмлик преференция қўлланган. Таҳлиллар айрим ҳолатларда имтиёз нотўғри қўллангани ва ундан тўғри фойдаланилиши ўрганиб борилмаганидан далолат беради.

Чунончи, 2020 йилда 5 та божхона юк декларацияси билан 58437 АҚШ долларига чарм-пойабзал хомашёсини импорт қилган хусусий корхонага бож тўловидан 148 млн. 198 минг сўмлик имтиёз қўлланган. Бироқ корхонанинг йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим қилган, салкам 190 млн. сўмлик ялпи тушум қайд этилган молиявий ҳисоботидаги сотилган маҳсулотлар ҳисоб-фактураларида пойабзал кўрсатилмаган. Божхона бошқармаси томонидан давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспортни кўпайтиришни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган имтиёздан тўғри фойдаланилиши ўрганилмаган.

Қўқон божхона постида ҳам преференция ва имтиёзларни қўллашда хатоларга йўл қўйилган. Постда фуқаролар ва тадбиркорларга бож тўловидан 341 млрд. 100 млн. сўмлик имтиёз, халқаро келишувлар асосида 73 млрд. сўмлик преференциялар қўлланган. Хусусан, иссиқхона ускуналарини импорт қилгани учун 5 та МЧЖга 18 млрд. 313 млн. сўмлик бож имтиёзи қўлланган. Таҳлилларда аниқланишича, иссиқхона ери солиқ ҳисоботида кўрсатилмаган, маҳсулот сотишдан тушум бўлмаган, ишчи сифатида фақат жамият раҳбарларининг ўзларига иш ҳақи ҳисобланган. Божхона бошқармаси солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда имтиёзлардан тўғри фойдаланилишини ўрганиб бормаган. Нотўғри фойдаланилган имтиёзларни бекор қилиб, бож ундириш борасида сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Марғилон ва Қўқон божхона постларида фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмаган, муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмаган. Божхона юк декларацияларини бекор қилиш, қайта расмийлаштириш, чет элдан келтирилган товарларни кўздан кечириш, божхона назорати муддатини узайтириш ва бошқа масалаларда ёзилган аризаларга ёзма равишда жавоб бермаслик одат тусига кирган. Таҳлил натижасига кўра божхона постлари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш, ходимларнинг масъулиятини кучайтириш хусусида прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.