21 бола қурбон бўлган

12:30 - 17.09.2021

12

2020 йил ҳамда 2021 йилнинг 7 ойи давомида Жиззах вилоятида 527 та автоҳалокат оқибатида 178 нафар фуқаро вафот этган. 436 киши турли даражада жароҳат олган.

Бу фактлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида очиқланди. Йиғилишда масъул ташкилотларнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолияти вилоят прокуратураси томонидан ўрганилгани маълум қилиниб, аниқланган камчиликларга эътибор қаратилди. Хусусан, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш борасидаги камчиликлар тилга олинди. Болалар иштирокида юз берган кўнгилсиз ҳодисаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш жараёнини доимий назоратга олиш, транспортларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, йўл белгиларини ўрнатиш ва яроқсизларини алмаштириш борасидаги камчиликлар айтилди.

Мисолларга эътиборга қаратадиган бўлсак, 2020 йил ва жорий йилнинг  7 ойида болалар иштирокида 106 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада 21 бола вафот этган, 86 бола эса турли даражада жароҳатланган.

Вилоят прокуратураси томонидан бунинг сабаблари ўрганилганда, ушбу соҳада бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Хусусан, Президентимиз 2019 йилда вилоятга келганида барча мактабларда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи махсус синфхоналар ташкил этиб, Жиззах тажрибасини яратиш ва уни бутун республикага жорий этиш бўйича алоҳида топшириқ берган эди. Бироқ, ҳозирги кунда вилоятдаги 550 та мактабнинг атиги 39 тасида шундай синфхоналар ташкил этилган.

Энг қизиғи, 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини ўқитиш дарслари фан соатларидан чиқариб юборилган. Бунинг оқибати қандай бўлди? Аниқланишича, болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг деярли 80 фоизига болаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлган.

Эътиборлиси, вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан автомобиль йўлларини қуриш ва соз ҳолатда сақлашга ихтисослашган корхоналар, шаҳар ва туман ҳокимликларига йўлларнинг яроқлилигини таъминлаш, йўл белгилари ўрнатиш, уларни алмаштириш ва йўл ҳаракатини тартибга солиш бўйича киритилган тақдимномаларнинг аксарияти ижро этилмаган.

Жиззах шаҳридаги автоҳалокатлар таҳлил қилинганда, уларнинг 17 таси йўл белгилари ўрнатилмагани, 12 таси тунда йўллар ёритилмагани оқибатида содир бўлгани аниқланди.

Шунингдек, йиғилишда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқ­бузарликка қарши курашиш масаласи Зарбдор тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти мисолида таҳлил этилди. Маълум қилинишича, туманда шу йилнинг 30 августигача умумий жиноятчилик 53 фоиз ошиб, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 43 фоизни ташкил этган. Мудҳиш жиноятлар кўпинча оилавий ва оддий маиший муносабатлар замирида келиб чиққан. Нотинч оилалар билан ишлаш тизимидаги камчиликлар сабаб оилавий ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоиз кўпайган.