Маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояда

10:30 - 17.09.2021

12

Навоий махсус прокуратураси томонидан 2021 йилнинг 7 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда жазони ижро этиш колонияларида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш чоралари кўрилди.

Хусусан, қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан 24 та текшириш ўтказилиб, қонунга зид 80 та ҳужжатга протест келтирилди. Қонун бузилишлари юзасидан 18 та тақдимнома киритилди ва 4 та интизомий, 8 та маъмурий иш қўзғатилиб, 14 нафар ходим қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди.

Махсус прокуратурага келиб тушган 153 та мурожаатнинг 116 таси ҳал қилинган бўлса, 29 таси, яъни 25 фоизи қаноатлантирилди. Шунингдек, 293 нафар фуқаро ва маҳкумлар прокурорлар томонидан қабул қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган 1390 нафар маҳкумга судлар орқали жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва манзил-колонияга ўтказиш каби инсонпарварлик чоралари қўлланди.

Шу билан бирга колония бошлиқларининг 80 та қарор ва буйруғига келтирилган протест асосида 48 та маҳкумнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, колонияларнинг 51 нафар ходимининг меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятидаги 4, 5, 12 ва 36-жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган 34 киши афв этилиб, уларнинг 21 нафари озодликка чиқарилган бўлса, 13 тасининг жазо муддати қисқартирилди. Улар энди сидқидилдан меҳнат қилиб, юрт фаровонлиги, давлат равнақига ўз ҳиссасини қўшади деб умид қиламиз.