Ҳаракат хавфсизлигини таьминлаш – долзарб масала

16:00 - 15.09.2021

9

15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурори Маъруфхон Ходжаев, ИИВ Транспортда ХТББ бошлиғи Рустам Ташпулатовлар томонидан тегишли мутасаддилар иштирокида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудидан ўтган темир йўлларда йўловчилар ва поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик ишлар жойига чиқиб ўрганилди.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда темир йўл изларига тош бўлакларини қўйиш, вагон ойналарига тош отиш, темир йўл атрофида чорва молларини боқиш, темир йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, темир йўл атрофига маиший чиқиндилар ташлаш, темир йўл жиҳозларига шикаст етказиш каби ҳуқуқбузарликлар ҳамда темир йўлларда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар сони ортиб кетмоқда.

Ачинарлиси, бундай ҳуқуқбузарликлар вояга етмаганлар томонидан содир этилаётганлиги маҳалла, мактаб ва жамоатчилик вакиллари ҳудудларда истиқомат қилувчи оилалар билан олиб бораётган профилактика ва тарғибот тадбирлари тўғри йўлга қўйилмаганлигидан далолат беради.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар муҳокама қилиниб, ҳудудда яшовчи фуқаролар учун мўлжалланган бекатдаги пиёдалар ўтиш кўпригини таъмирлаш, темир йўлдан ўтиш йўлак (калитка)ларини очиш, темир йўл атрофидаги кўчалардан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш, темир йўл атрофида қурилиш-таъмирлаш ишлари, видеокузатув камераларини ўрнатиш масалалари бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.