Тезкор қидирувнинг жиноий-ҳуқуқий фанлар билан боғлиқлиги

10:30 - 15.09.2021

12

Тезкор қидирув фаолиятини (кейинги ўринларда – ТҚФ) амалга оширувчи органлар тезкор бўлинмаларининг жиноятчиликка қарши курашини жиноятларни фош этиш борасидаги муайян тадбирлар мажмуи сифатида тан олиш нотўғри бўлар эди.

Зеро, ҳозирги жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш –
барча давлат органлари ва жамоат ташкилотлари амалга ошираётган тадбирларнинг мажмуи ҳисобланади. Уларга тезкор қидирув
воситалари ва усуллари ёрдамида амалга оширилаётган махсус
тадбирлар ҳам киради.

Жиноятчиликка қарши курашда ТҚФнинг жиноий-ҳуқуқий
фанлар тизимида тутган ўрнини аниқлаб олиш учун уларни
таққослаш талаб этилади.

ТҚФ ва жиноят ҳуқуқи. Жиноят ҳуқуқи ижтимоий хавфли қилмишнинг жазога сазоворлиги, жазо чораларини қўллаш, жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш шартлари ва тартибини белгиловчи юридик нормалар мажмуини қамраб олади.

ТҚФ жиноий-ҳуқуқий сиёсатнинг ажралмас қисми бўлиб, жиноят ҳуқуқи билан вазифаларининг (Жиноят кодексининг 2-моддаси, «ТҚФ тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси) муштараклиги билан ҳам чамбарчас боғланган. Жиноий-ҳуқуқий тушунчалар, нормалар, институтлар тезкор қидирувнинг аксарият қоидаларида ўз ифодасини топган.

Жиноят ҳуқуқида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган институт муҳим аҳамият касб этади. Бунда бевосита тезкор қидирув билан боғлиқ айрим ҳаракатларни амалга оширишга бир қатор чекловлар киритилган.

Жумладан, ЖКнинг VII бобида шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш (1411-модда), фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш (142-модда), хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузиш (143-модда) каби нормалар кўзда тутилган.

Шунингдек, ЖКнинг учинчи бўлими IX бобида ўз аксини топган зарурий мудофаа (37-модда), охирги зарурат (38-модда), ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш (39-модда), буйруқ ёки бош қа вазифани ижро этиш (40-модда), касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик (41-модда) каби ҳуқуқий институтлар катта аҳамиятга эга.

Тезкор қидирув қонунчилигининг аксарият қоидалари жиноят ҳуқуқининг тушунча, норма ва институтлари асосида шакллантирилган. Жумладан, жиноят қонунчилигидаги жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти талаблари «ТҚФ тўғрисида»ги қонуннинг 22-23-моддаларида ўз аксини топган бўлиб, унга кўра «уюшган жиноий гуруҳ, жиноий уюшма орасига уларни фош қилиш мақсадида киритилган ТҚФни амалга оширувчи органлар ходими ва уларга кўмак лашаётган шахс, қонунда белгиланган тартибда, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, қонунга хилоф қилмишлари учун жиноий жавобгарликдан озод этилади» деган норма бунга мисол бўла олади.

Шахс жиноят содир этишга қаратилган ҳаракатларни охирига етказиш мумкинлигини англаган ҳолда тўхтатса, шунингдек жиноят оқибати келиб чиқишининг олдини олса, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади (ЖКнинг 26-моддаси). Ихтиёрий қайтишнинг асосий ҳуқуқий оқибати – жиноий жавобгарликнинг истисно қилинишидир. ТҚФ ва айниқса уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тактикаси учун ЖКнинг 26-моддаси қоидалари жуда муҳим. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишни жиноят қонунчилигининг яна бир жиноий-ҳуқуқий институти бўлган айбдорнинг ўз қилмишидан пушаймонлигидан фарқлаш лозим, бу муаммо ТҚФ учун муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, мазкур институт жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар (55-модданинг биринчи қисми)га мансуб бўлса, иккинчидан, жазодан озод қилиш учун асос ҳисобланади (71-модда). ТҚФ тактикаси учун иккинчи ҳолат айниқса фуқаролар билан ҳамкорликда муҳим омил ҳисоб ланади. Чунки ЖКнинг 71-моддаси талабларига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва етказилган зарарни бартараф қилган бўлса, жазодан озод қилиниши мумкин.

«Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасида тезкор-қидирув қонунчилиги ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларнинг белгиланган тартибда жавобгар бўлиши қайд этилган.

Бундай жавобгарлик ТҚФ субъектларининг ҳаракатларида жиноят қонунчилигининг муайян нормаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд ҳолда юзага келади. ТҚФни амалга ошириш жараёнида мазкур фаолиятга тааллуқли бўлган айрим жиноятлар содир этилиши мумкин, уларни ЖКдаги жиноят таркиби (унинг объекти, объектив томони, субъекти ва субъектив томони) таҳлилидан келиб чиқиб қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги, ҳуқуққа хилофлиги, жазога сазоворлиги каби белгиларига мос равишда кўриб чиқиш лозим. Шундан келиб чиқиб муайян қонунбузарлик тури ҳамда айбдор шахснинг жавобгарлиги белгиланади.

ТҚФ ва жиноий процессуал фаолият. ТҚФ жиноят процесси билан (нафақат судга қадар, балки жиноят иши бўйича суд ишини юритиш босқичида ҳам) чамбарчас боғлиқ бўлиб, айнан ТҚФ жараёнида кўпинча жиноятларни фош этиш бошланади. Бу жараён вақтига кўра жиноят тафсилотларини аниқлаш босқичига яқин бўлиб, унинг иссиқ изларидан олиб борилади ва нафақат жиноятларни аниқлаш ва фош этиш, балки уларни тайёрлаётган, содир этаётган ёки содир этган шахсларни аниқлаш ва топиш вазифаларини ҳам бажаради. Айнан шунинг учун ТҚФ натижалари жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади.

Шу билан бирга, тезкор бўлинма ходимлари, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг жиноий-процессуал фаолиятида тезкор қидирув ва терговнинг уйғун ҳолда олиб борилиши назарда тутилади.

Ушбу фаолиятларнинг вазифалари (ЖПКнинг 2-моддаси, «ТҚФ тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси) бир хил бўлиб, жиноятларни аниқлаш, олдини олиш, бартараф этиш ва фош этишда ўз ифодасини топади.

Уларнинг фарқлари: субъектлар ҳар хил (тезкор ходим – терговчи); ҳуқуқий асослари ҳар хил («ТҚФ тўғрисида»ги қонун – ЖПК); ҳаракатлар ҳар хил (тезкор қидирув тадбири (ТҚТ) – тергов ҳаракатлари); жиноят процессида ошкора, ТҚФда ноошкора кучлар, воситалар ва усуллардан фойдаланилади; олинган натижалардан фойдаланиш: жиноят процесси натижалари – далиллар (ЖПКнинг 81-моддаси); ТҚФ натижалари – далилларнинг манбалари; тергов ҳаракатлари жиноят иши доирасида ўтказилса, ТҚТ учун бундай чеклов йўқ.

Шунингдек, ЖПК дастлабки терговни тўхтатиш (ЖПКнинг 364-моддаси) имкониятини назарда тутади. Бундай қарор қабул қилинганидан сўнг иш бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган шахсни аниқлаш, топиш чоралари кўрилади ва бунда тергов ҳаракатларини ўтказишга йўл қўйилмайди.

Бундай чоралар фақат ТҚФ доирасида амалга оширилади ҳамда мазкур фаолият вазифаларига мос келади.

ТҚФ ва жиноят процессининг боғлиқлиги айрим ТҚТни ўтказиш асосларида ҳам мавжуд, қўзғатилган жиноят иши (ЖПКнинг 321-моддаси)нинг мавжудлиги, суриштирув, тергов органларининг ёзма топшириғи, прокурорнинг кўрсатмаси ва топшириғи (ЖПКнинг 36, 381, 382-моддалари) ТҚТни ўтказиш учун асос бўлади («Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси).

ЖПК нормалари билан ТҚТни ўтказиш шартлари ҳам боғлиқ бўлиб, хусусан, ёзишмалар, телефон сўзлашувлари ва бошқа сўзлашувлар, почта, курьерлик жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши ҳуқуқларини, шунингдек уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чек ловчи ТҚТ ўтказилишига прокурор санкцияси ёки суд ажрими асосида йўл қўйилади (ЖПКнинг 170-моддаси – «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси).

ТҚФ натижаларидан терговга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда фойдаланиш имконияти «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида ўз аксини топган бўлиб, ушбу норма ЖПКнинг 951-моддасида назарда тутилган (ЖПК нормаларига риоя этилмаган ҳолда олинган далилдан жиноят иши бўйича исбот қилишда фойдаланилиши мумкин эмас) талаблар билан боғлиқдир.

ЖПКда ТҚФга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлган қоидалар: 15-модда (Жиноят ишини қўзғатишнинг муқаррарлиги); 33-модда (Прокурор); 38-модда (Суриштирув); 381 -модда (Суриштирувчи); 69-модда (Мутахассис); 73-модда (Холислар); 81-модда (Далилларнинг турлари); 87-модда (Далиллар тўплаш); 94-модда (Далилларни текшириш); 95-модда (Далилларга баҳо бериш); 322-модда (Жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари); 345-модда (Жиноят ишининг терговга тегишлилиги) ва бошқалар. Мазкур кодексдан ТҚФ ва жиноят процессининг боғлиқлигини белгиловчи бошқа нормалар
ҳам ўрин олган.

Шундай қилиб, ТҚФ ва жиноят процессининг боғлиқлиги қуйи дагиларда ифодаланади: ТҚФ ва жиноят процесси вазифаларининг умумийлиги; процессуал қонунчиликда суриштирув органларининг жиноятчини аниқлаш бўйича зарур ТҚТни ўтказиш чораларини кўриш мажбуриятининг назарда тутилганлиги; ТҚТнинг суриштирув ва дастлабки тергов органларини ахборот билан таъминлашга қаратилганлиги; айрим ТҚТни ўтказиш асосларининг жиноят-процессуал тавсифга эгалиги; ТҚФнинг жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги; тезкор қидирув қонунчилигида ТҚФ натижаларидан тергов ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ҳамда ТҚТни ўтказишда фойдаланиш тартибининг белгиланганлиги; ТҚФ ва жиноят процесси субъектлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишдаги айрим умумий жиҳатлар; «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонун ва ЖПКдаги нормаларнинг уйғунлиги ва ҳоказолар.

Ваҳобжон КАРИМОВ,
Бош прокуратура Академияси
доценти, юридик фанлар доктори