Атом бомбаси қандай ихтиро қилинган эди?

13:00 - 15.09.2021

15

Бундан 76 йил муқаддам – 1945 йилнинг 6 ва 9 август кунлари Япониянинг икки шаҳрини даҳшатли ажал қуроли ларзага келтирди. Йиллар ўтса-да, инсоният бу фожиани унутмайди ва унинг такрорланмаслиги учун курашади. Негаки, ўша шаҳарларда атом бомбасининг асоратлари ҳануз сақланиб келаяпти. Зотан, у инсоният ва она заминни маҳв этувчи энг хавфли қуролдир.

Германияда чоп этиладиган илмий журналлардан бирида немис олимлари атом ядросини парчалаш усулини ихтиро қилгани ҳақида мақола чоп этилди. Ўша пайтларда атом ядроси муаммолари билан
шуғулланаётган олимлар немисларнинг бу изланиши қандай даҳшатли қурол ихтиро қилинишига асос бўлишини тушуниб етди. Улар Америка президенти Франклин Рузвельтга мактуб йўллаб, фашистлар шу давргача маълум бўлган қуроллардан минглаб марта қудратлироқ қурол яратиш арафасида турганини билдирди.

Мактуб муаллифлари рўйхати бошида Альберт Эйнштейн турар эди. Мактубни олган президент икки махфий буйруққа имзо чекди. Улардан бирида разведка бошқармасига немисларнинг ишларидан доимо бохабар бўлиб туриш топширилган бўлса, иккинчисида Америкада атом бомбаси яратиш ишларини бошлаш режаси белгилаб берилган эди. АҚШ армиясининг атомбомбасини яратиш режасига «Манхеттен лойиҳаси» номи берилди.

Американинг турли университетлари ва илмий текшириш институтлари лабораторияларида ниҳоятда махфий равишда олимлар атом бомбаси устида иш бош лашди.

Лойиҳа раҳбари этиб полковник Лесли Ричард Гровс тайинланди. Даставвал олимлар асосан атом бомбаси яратишнинг назарий жиҳатларини ўрганиб чиқди. Лойиҳанинг илмий йўналишига 1904 йилда туғилган Роберт Оппенгеймер бошлиқ этиб тайинланди.

Р.Оппенгеймер Нью-Йорк шаҳрида бадавлат яҳудий оиласида туғилган. Унинг ота-онаси асли германиялик бўлиб, ўғлининг тарбиясига катта аҳамият беришган эди. 1922 йилда Ҳарвард университетига ўқишга кириб, уни уч йилда битирган. Машҳур Макс Борн билан бирга квантлар назариясига оид мақоласини эълон қилди. Атом ядросини ўрганишда жуда муҳим роль ўйновчи бу усул Борн-Оппенгеймер номи билан аталадиган бўлди. Квантлар назарияси мавзусида ҳимоя қилинган докторлик иши Оппенгеймерни дунёнинг буюк физиклари қаторига қўшди.

Лойиҳанинг илмий йўналишига бошлиқ этиб тайинланган Оппенгеймер барча олимларни Нью-Мексико штатидаги Лос-Аламос шаҳрига тўплади. Бу шаҳарча жуда қаттиқ қўриқланадиган махфий марказга айлантирилди. Турли йўналишларда ишловчи ва ўзларини дунёнинг энг буюк физиги деб билувчи даҳоларни бир мақсад йўлида ҳаракат қилувчи жамоага айлантириш учун Оппенгеймер моҳир раҳбар ва ўткир дипломатдек иш кўришига тўғри келди.

Ниҳоят ўша йиллар учун жуда катта маблағ – икки миллиард доллар харажат талаб қилган лойиҳа муваффақиятли якунланди. 1945 йил 16 июлда Нью-Мексико штатининг Аломогордо шаҳридан 80 километр узоқликда жойлашган полигонда дунёдаги биринчи атом бомбаси синаб кўрилди. Қабариқ шаклда бўлгани учун Дўмбоқ номини олган бомба пўлатдан ясалган баланд устун устига маҳкамланди. Эрталаб соат 5:30 да масофадан бошқариладиган детонатор бомбани портлатди. Портлашдан ер ларзага келди.

Осмонга асоси 1,6 километр, баландлиги 11 километр келадиган
оқ қўзиқорин шаклидаги тутун ва чанг кўтарилди. Портлаш марказида ҳосил бўлган иссиқлик 3000 даражага етди. Бомба ўрнатилган пўлат қурилма эриб, буғга айланиб кетди. Бомбанинг қудрати кузатувчиларни ҳам даҳшатга солди. Бу вақтга келиб Германия таслим бўлган ва Америка Японияга қарши урушаётган эди. Уруш асосан флот ва авиация ёрдамида Япония босиб олган ҳудудларда давом этарди. Қуруқликдаги қўшинлар эса ҳали ҳам фаол ҳаракатларни бошлагани йўқ эди. Бунинг сабаби оролларда жойлашган Японияга мислсиз миқёсда десант тушириш билан боғлиқ эди. Бу эса жуда кўп қурбонлар берилишини талаб этарди.

Шу сабабли АҚШ ҳарбийлари атом бомбасини Японияга қарши ишлатишга президентни кўндиришди. Президент Труменга Япониянинг олтита шаҳри – Токио, Киото, Хиросима, Осака, Нагасаки ва Нагоя шаҳарларидан иборат рўйхат таклиф қилинди. Трумен Нагасаки ва Хиросима шаҳарларини танлади.

1945 йил 6 августда Американинг Б-29 маркали бомбардимончи самолёти битта атом бомбасини Хиросима шаҳрига ташлади. Самолёт шу заҳоти ортга бурилиб, базага йўл олди. Жуда баланддан ташланган бомба бир неча дақиқадан сўнг ҳавода портлади. Портлашдан кўзни қамаштирадиган ёрқин аланга пайдо бўлди. Даҳшатли аланга ҳарорати минглаб одамларни куйдириб, кўмирга айлантирди. Гуллаб-яшнаган бутун бошли шаҳар бир неча соатда вайронага айланди. Шаҳарнинг 200 мингдан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлди. Орадан уч кун ўтиб, 9 августда Нагасаки аҳолиси иккинчи атом бомбаси ҳужумига дучор бўлди.

Бу икки даҳшатли портлашдан сўнг Япония ҳукумати 15 августда таслим бўлганини эълон қилди. Дунёнинг кўплаб арбоблари АҚШ ҳукуматининг бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлган бу ҳаракатларини кескин қоралади. Ҳатто бу бомбани ихтиро қилган Р.Оппенгеймер ҳам «Инсоният ҳали бу бомбани яратганларни лаънатлайди» дея башорат қилган эди. Хўш, «Атом бомбасининг отаси» номини олган Р.Оппенгеймернинг кейинги ҳаёти қандай кечди? У 1946 йилдан бошлаб атом энергияси бўйича қўмита раислигига тайинланди.

1949 йилнинг 29 августида Совет иттифоқи ҳеч кутилмаганда атом бомбасини синовдан ўтказди. АҚШ разведкаси Америка олимлари атом бомбаси сирларини русларга сотган деган фикрга келди ва лойиҳада иштирок этган олимлардан ҳар бирининг босган қадамини синчиклаб текширди. Шунда олимлардан икки нафари рус разведкаси билан алоқада бўлгани аниқланди. Шу сабабли Р.Оппенгеймердан ҳам шубҳалана бошлашди. Унинг водород бомбасини яратишда қатнашишдан бош тортиши махфий хизмат ходимларининг гумонини янада оширди.

Улар олимни жуда кўп марта турли усуллар билан сўроқ қилишди.
Айби исботланмаган бўлса ҳам уни махфий ҳужжатлар билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Шундан сўнг у ўз норозилигини истеъфо бериш билан билдирди ва умрининг охиригача зоҳидона ҳаёт кечирди, 67 ёшида саратон туфайли вафот этди.

Норбўта ҒОЗИЕВ тайёрлади