Диёнатни унутган дин пешволари

12:30 - 14.09.2021

5

Ислом дини ҳақгўйлик, адолатпарварлик ва эзгуликнинг асосидир. Аммо динга хизмат қилувчиларнинг орасида ҳам йўлдан озганлар учраши ачинарли ҳол.

Мурод Усмонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2004 йил март ойидан буён Шеробод тумани Нуртепа маҳалласида имом вазифасида ишлаб келган эди.

Унга ўзи имомлик қилаётган маҳаллада вафот этган фуқароларнинг жанозасини ўқиш, фуқароларнинг чақирувига асосан уларнинг уйларида диний маросимларни ўтказиш вазифалари юклатилганди.

У маҳаллада ўтказган диний маросими учун фуқаролар ўз ихтиёри билан берган пулнинг бир қисмини ўз оиласининг эҳтиёжи учун олиб, қолганини Шеробод тумани жоме масжиди бош ҳисобчиси Жаббор Муҳиддиновга топшириб келган.

Гуноҳнинг ибтидоси 2020 йилнинг август ойида жоме масжидга Бўрон Умаров янги бош имом хатиб этиб тайинлангани тўғрисида буйруқ келади. Б.Умаров имом бўлиб тайинланган кундан бошлаб аввалги имом Мурод Усмонов билан ўрталарида ҳар хил низолар чиқа бошлади. М.Усмонов янги имомга «сени ҳали ишдан олдираман, яхшиликча ўзинг кет» деб пўписа қилишни канда қилмай қўяди. Улар ўртасидаги келишмовчилик бир-биридан айб қидириш билан давом этарди.

Аввалига янги имомнинг топшириғига асосан ноиби Аҳад Бобохонов, бош ҳисобчи Малик Жавлонов ҳамда муаззин Шамсиддин Аҳмадов Нуртепа маҳалласига собиқ имом ўқиган никоҳларнинг қонунийлигини текшириш учун боришади. Текшириш натижасида 5 та қонуний тарзда никоҳ ўқилганининг тўловлари бош ҳисобчига топширилмагани тўғрисида хулоса билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили томонидан собиқ имом Мурод Усмоновга берилган рухсатнома бекор қилинади.

Янги имомнинг бундай ҳаракатлари собиқ имомнинг асабига тегаверди. Тома-тома кўл бўлади деганларидек, собиқ имомнинг сабр косаси тўлиб, 2020 йил 22 декабрь куни тахминан соат 9:30 да туман марказий бозорини айланиб, рўзғорда ишлатишга мўлжалланган пичоқ харид қилади. Пичоқни пакетга ўраб, чўнтагига солганча масжидга йўл олади. Ҳадисларимизда айтилганидек, ният хайрли бўлса оқибат хайрли бўлади. Аммо ният хайрли бўлмади…

У масжиддаги хоналарнинг бирига киради. Хонада ўтирган ноиб Аҳрор Алимов собиқ имомни кўриб энсасини қотиргандек бўлади ва у билан гап талашиб қолади:
– Ака, яна эски гапларни бошлагани келдингизми?

– Аҳрор, мен маҳалладаги ходимларнинг ҳаммасидан суриштириб чиқдим. Хотин-қизлар бўйича маслаҳатчи Раъно Ҳамидова билан ҳам гаплашдим. Сизлар аёлга «бу оддий текширув» деб, уни алдаб ҳужжатларга имзо қўйдириб олган экансизлар, – деди дўқ аралаш собиқ имом. Ноиб эса хотиржамлик билан:
– Ака, бўлган иш бўлиб ўтди, менга буюришди, мен ҳам бордим, – деди. Ноибнинг хотиржам жавоб бериши собиқ имомни баттар асабийлаштирарди:
– Менга қара, сен қанақа мусулмон бўлдинг, а? Нега маҳалла маслаҳатчисини алдаб ҳужжатларга имзо қўйдириб оласан? Шу ишинг динимизга тўғри келадими?
Ноиб эса:
– Домла, мен билмайман, баъзи жойлари тўғри келса керак, – дея жавоб қайтаради. Унинг кибр ва қўрслик билан жавоб қайтарганидан собиқ имом баттар асабийлашиб, рўпарасидаги хонтахта устида турган чинни идишни ноибга қарата отади. Идиш эса ноибнинг бошига тегиб, уни жароҳатлайди. Суҳбатдошининг тажовузкорлигидан хавфсираган ноиб масжид биносининг орқа томонига қочиб кетади.

Жаҳл устида собиқ имом қочаётган ноибнинг изидан қувиб чиқади. Ҳовлида масжид котиби Шерзод Ғафуровни кўриб, ундан отаси қаердалигини сўрайди. У ҳам «нима эди?» деб зарда билан жавоб беради. Ёш йигитнинг қўрслигидан собиқ имомнинг баттар жаҳли чиқади. У ўша заҳоти чўнтагидан пичоқ олиб, Шерзоднинг қорнига санчиб юборади.

Йигит жон ҳолатда чап томонини чангаллаганча ҳушидан кетиб йиқилади.

Жиноят интиҳоси Масжид ҳовлисида юрган фаррошлар воқеани кўриб, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига хабар беришади.

Орадан кўп вақт ўтмай қонга беланиб ётган йигитни «тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб кетишади. Афсуски, йигит йўлда вафот этади.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбланаётган шахснинг руҳий ҳолати тиббий кўрикдан ўтказилади. Руҳий касалликлар клиник шифохонасининг хулосасида Мурод Усмонов руҳий ҳолатига кўра ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олиши ва уларни бошқара олиши, шунингдек, тергов ҳамда суд ҳаракатларида иштирок этишга қодирлиги ва мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги кўрсатилган. Тергов жараёнида М.Усмонов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон бўлгани билан вақтни ортга қайтариб бўлмайди.

Мазкур жиноий иш юзасидан 2021 йилнинг апрель ойида жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судида Мурод Усмоновга нисбатан ҳукм эълон қилинди. Мурод Усмонов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди.

Ёдгор БОЗОРОВ,
Бош прокуратура бошқарма
прокурори