Ижро тизимидаги ислоҳотлар ва самарадорлик

15:00 - 14.09.2021

6

Мамлакатимизда суд қарорлари ижросини қонуний муддатларда
таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга долзарб вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлашда ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Шу боис Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлашга алоҳида масъулият билан ёндашилмоқда.

2021 йил январь-июль ойларида Мажбурий ижро бюроси органлари фаолияти самарадорлигини яхшилаш борасида муайян ишлар қилинди. Аввало шуни айтиш керакки, ахборот-коммуникация технологияларининг доимий равишда қўлланиши ижро иши юритувида инсон омилини камайтириш ва бу орқали шаффофликни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, ходимларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида 32 та ахборот тизими ва маълумот базаси ишлаб чиқилди.

Ижро жараёнини тўлиқ автоматлаштирилган тартибда назорат олиб боришни таъминлайдиган «МИБ-портал» дастури жорий қилиниб, ташкилотларнинг 60 та ахборот тизимига интеграция қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан алимент тўлаш ва уни назорат қилишнинг ягона ахборот тизими яратилиб, бюро фаолиятига жорий этилди. Бу ижро ишини анча осонлаштирди. Биргина идоралараро электрон ҳамкорлик тизими жорий этилганидан буён тизимда 203,1 млрд. сўм пул тежалди. Ундирилган маблағни электрон тақсимлаш тизими орқали бюджетга ўтган йилга нисбатан 270,4 млрд. сўм кўп ёки 301,6 млрд сўм пул тўғридан-тўғри йўналтирилди.

Ижро жараёнида ташқи аралашувнинг олдини олиш мақсадида «МИБ-портал» дастурий таъминоти орқали «Ақлли ёрдамчи» лойиҳаси ишга туширилди. Энди фуқаролар Android мобиль алоқа воситалари орқали қарзи ва хорижга чиқишга қўйилган тақиқни аниқлашлари, қарзи бўлса масофадан туриб, «Mib.uz» мобиль иловаси орқали тўлашлари мумкин. Фаолиятдаги очиқликни ошириш, мулкий низоларнинг олдини олиш мақсадида тўловга қобилиятсиз қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар бюронинг www.mib.uz расмий сайтига жойлаштирилди.

Бевосита фаолиятимизга тўхталадиган бўлсак, бюро органлари иш юритувида 60,4 трлн. сўмлик (2,9 млн.та) ижро ҳужжати бўлиб, шундан 46,3 трлн. сўмлиги (1,8 млн.таси) ёки 77 фоизи шу даврда келиб тушган. Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг январь-июль ойларида 38,2 трлн. сўмлик ҳужжатлар ижроси тамомланган. Жами 13,7 трлн. сўм ундирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ундирув 2,2 баробар ошди.

Ҳужжатларнинг келиб тушиши ўтган йилнинг мос даврига 3,3 баробар ошган. Биргина солиқ органларининг ўзидан 7 ойда 21,2 трлн. сўмлик ҳужжатлар келиб тушган. Давлатга ундирув 5,6 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган даврга нисбатан 2,5 баробар кўпайди. Солиқ, жарима, бож ва жиноят оқибатида етказилган зарарларни ундириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 4,7 трлн. сўм солиқ қарзи, 271,5 млрд. сўм давлат божи, 468,1 млрд. сўм зарар ва жарима ундирилди.

Мулкни мусодара қилиш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича 219,1 млрд. сўм ундирилиб, 315,1 млрд. сўмлик мулклар давлат органларига моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ўтказиб берилди. Бозор ва савдо марказларида 195 та ярмарка ташкил этилиб, 14,1 млрд. сўмлик мулклар реализация қилинди. Хўжалик юритувчи субъектларга 5,1 трлн. сўм, банкларга 2,2 трлн. сўм ва фуқароларга 750,9 млрд. сўм ундириб берилди.

Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш, айниқса, қарз миқдори ва тоифасидан келиб чиқиб, уни республика – вилоят – туман даражасида ҳал этиш бўйича яратилган тизимга кўра, марказий аппарат томонидан 10,5 трлн. сўмлик 196 та ижро ҳужжати иш юритувига қабул қилиниб, шундан 2,9 трлн. сўми ундирилди. Ҳудудий бошқармалар томонидан 4,9 трлн. сўмлик 2755 та ҳужжат иш юритувига қабул қилиниб, шундан 3,4 трлн. сўмлигининг ижроси ниҳоясига етказилди.

Бюрода ишларни ахборот технологиялари ёрдамида масофадан туриб олиб борадиган 15 та туманлараро ихтисослаштирилган бўлим ташкил этилиб, улар томонидан 1,9 трлн. сўмлик 146 972 та ҳужжатнинг ижроси таъминланди.

Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар ёрдамида 13796 нафар эҳтиёжманд қарздорнинг 7645 нафари иш билан таъминланди, 38 тасига имтиёзли кредит ажратилди, 333 та қарзни тўлаш муддати узайтирилди ва 6 та ташкилотга инвестор жалб қилинди.

Алиментни тўлаш ва уни назорат қилишнинг ягона ахборот тизимига 285 711 нафар алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, онлайн режимда танишиш имконияти яратилган. Алиментнинг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини назорат қилиш мақсадида «Алоқа» банкида алимент олувчилар номига ҳисобварақ очилиб, уларга 98 мингта пластик карта тарқатилди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар учун 37,3 млрд. сўмлик алимент ундирилди. Кўрилган чоралар натижасида республика бўйича 34402 нафар ишсиз алиментчи ишга жойлаштирилди, 11467 та оила яраштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси билан ҳамкорликда алимент ундириш ҳамда ишсиз алиментчиларни мажбурий иш билан таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида 16624 нафар, Тошкент шаҳрида 3141 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилди.

Янги тизимга кўра зарар, бож, жарима ҳамда бошқа турдаги ундирувлардан «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармаларига 327,9 млрд. сўм ўтказиб берилди.

Бюро органларида терговга қадар текширув ва суриштирув устидан назорат кучайтирилиб, қарорларнинг ҳар томонлама, холис ва фақат қонун талабларига қатъий риоя этган ҳолда қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ўтган даврда жами 312 та жиноят ва 13057 та маъмурий иш қўзғатилган бўлиб, маъмурий ишларнинг 13054 таси бевосита бюро органларида кўриб чиқилган. Жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳужжатларнинг барчаси «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизимига ҳисобга қўйилди.

Жиноят ҳақидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг қатъий рўйхатга олиниши, улар бўйича текширув ўтказилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши алоҳида назоратга олиниб, ҳудудий бўлимларнинг бу соҳасидаги фаолияти доимий ўрганиб борилмоқда.

Бюрога 2021 йилнинг 7 ойида 115 819 та мурожаат келиб тушган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27785 та кўп.

Уларнинг 106 719 таси бюронинг ўзида кўриб чиқилиб, 42 фоизи ҳал қилинган. Шундан 45820 таси қаноатлантирилган, 116 таси рад қилинган ва 60783 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Ўтган даврда бюро органларида фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакилларидан 40197 нафари, шу жумладан 21785 нафари бюро директори, ҳудудий бошқарма ва бўлимлар бошлиқлари, 8028 нафари уларнинг ўринбосарлари томонидан қабул қилинган. 1258 киши сайёр қабулларга қамраб олинган.

Бюро ходимлари ўтган даврда жамоатчилик ва аҳоли ўртасида 22083 та ҳуқуқий тарғибот ўтказган, шундан 14083 таси маъруза, суҳбат ва бошқа оғзаки тадбирлардир. Уларнинг 7755 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган.

Қарзни мобиль алоқа воситаси орқали билиш ва бартараф этиш учун «Mib.uz» дастурий тизими ҳақида яратилган ижтимоий ролик темирйўл вокзаллари ҳамда тезюрар поездларда, марказий телеканалларда намойиш этилмоқда.

Расмий сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали фаолиятдаги янгилик ҳамда танқидий хабарларга муносабатни ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 24 марта брифинг ва матбуот анжумани ташкил этилди.

Фаолиятимизда ахборот-коммуникация имкониятларидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириб, ҳужжатларни тўлиқ ижро этиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.

Хасан КАБИРДЖАНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги
Мажбурий ижро бюроси директори