Ўз уйига кўмилган

12:30 - 13.09.2021

31

2009 йилнинг ёзи.
Раъно қўшниси Насиба билан кўчада учрашиб қолди. Аёллар у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашишди.
– Қўшни, эрим Қозоғистонга қўй боққани кетди. Худо хоҳласа, яхши ишлаб келса, уйимизни тузатиб олардик. Болаларим ҳали ёш, рўзғор юритишга, 30 сотихли ҳовли юмушларига қийналаяпман, – деди Раъно. Насиба унинг кўнглини кўтарди. Ҳадемай болалари катта бўлиб, барча юмушларни унинг қўлидан олишларини, эри ишлаб пул топиб келса, кам-кўстларини бутлаб, яхши яшашларини айтди. Дугоналар хайрлашиб, уй-уйларига кириб кетишди.

2016 йил ноябрь ойи.
Раъно ҳовлисининг иккинчи ярмини ҳам сотиб, ота-онаси яшайдиган қишлоқдан уй олганини эшитган Насиба ундан ҳол сўрагани чиқди.

– Насиба, менга қолса бу ерлардан ҳечам кўчгим йўқ. Аммо ўзингиздан қолар гап йўқ, эрим 7 йилдан бери қорасини кўрсатмайди. На пул жўнатади, на бир телефон қилиб, соғлиғимиз билан қизиқади. Битта ўзим уч болани едириб-ичириш, кийинтиришга қийналиб кетдим. Ота-онамнинг яқинига кўчиб борсам, улар рўзғоримнинг бор-йўғига қарашармиди дейман-да. Шунга…

Насиба яхши бир дугонаси ўзидан узоқлашаётганидан хафа бўлди. Девор-дармиён қўшнилар эзилиб хайрлашишди…

2020 йил октябрь ойининг ўрталари.
Зарбдор ҳамқишлоғи Раънодан 20 сотих ер сотиб олганига 4 йил тўлаяпти-ю, ҳеч қурилиши битай демайди. Иморат-ку тикланди, аммо ҳали ҳовлининг ками кўп. «Қачон оёқ узатиб ўтирарканман-а?» деб қўярди у гоҳида уста ишлатиб чарчаганидан. Ўша куни Зарбдор трактор олиб келиб, ҳожатхона учун чуқур қаздирди. Тупроқни ҳожатхонанинг ёнига уюб қўя қолган тракторчи шошиб турган экан, ҳисоб-китоб қилгач, тезда чиқиб кетди. Зарбдор эса ҳамқишлоқ усталарни чақирди. Шу билан кичик бўлса ҳам яна бир қурилиш бошланиб кетди.

2020 йил 8 ноябрь.
Ҳовли этагидаги «кичкина хона» ниҳоят битди. Зарбдор эса яна оёғини узатиб тин ололмади. Чунки янги уйга албатта тандир
қуриш керак экан. Зарбдорнинг аёли бир неча ойдирки, нуқул қўни-қўшниларнинг тандирида нон ёпади. Баъзан қўшниларнинг ўзлари ҳам хамир қорган бўлса, уларнинг тандири бўшашини кутиб қоронғига қолиб кетади. Бундан ташқари, уйда уста ишлатиш ҳам осонмас, овқат, уй ишлари аёлини чарчатиб қўйди.

Ўша куни Зарбдор хотини билан бирга тандир қурмоқчи бўлди. Куймаланишгач, кунлар қисқаргани учун бир пасда қоронғи тушди, иш эртага қолди.

– Отаси, ҳавонинг авзойи бузуқ, қаранг, шариллатиб ёмғир ёғвориши ҳеч гапмас. Яхшиси, тандирнинг устига бирон нима ташлаб қўйинг. Мен овқатга уннайман, –деганча хотин ошхонага йўналди. Зарбдор гиламча излаб ҳовлини кўздан кечира бошлади. Шу пайт ҳожатхона ёнига уюлган тупроқ орасидан бир учи чиқиб турган яшил палосга кўзи тушди. Бориб учидан тортди. Палоснинг тупроқ остидаги қисми сидирилиб чиқа бошлади. Шунда палос ўрами очилиб, одам суяклари, қизил футболка ва уч бўлакка бўлиниб ётган сопи оқ-кўк рангли пичоқ ерга сочилди. Зарбдорнинг оёқларидан мадор қочиб ортга тисарилди: «Одам суяги-ку! Палосга ўраб кўмилган ким бўлди? Нега бу ерга, ҳовли этагига кўмилган?». Тезда туман ИИБ ҳамда прокуратурасига мурожаат қилди.

…Насиба қўшни ҳовлидаги ғала-ғовурдан хавотирланиб, Зарбдорлар томонга ўтди. Палосга ўраб кўмилган жасад ҳақида эшитиб, негадир бирдан унинг хаёлига мўмин-қобилгина, ҳатто овозини баланд кўтармайдиган Раъно келди. «Эрим Қозоғистонда қўй боқаяпти, қўшни. Ҳали ишлаб келса, кам-кўстимизни бутлаймиз», «Эрим шу кетганча қорасини кўрсатмади, уч бола билан қийналиб кетдим» деган гаплари қулоғи остида жаранглагандек бўлди.
– Йўқ. Раъно бу ишни қилмайди! – деди Насиба. – Ахир гаплашганимизда доим самимий эди. Ташвишли ёки бежо кўринмасди. Унинг кўзлари қотилнинг кўзларига ўхшамасди-ку?!


Нафақат оқтошликлар, балки бутун Бахмал тумани одамларини лол қилган бу хунук хабарга айримлар ишонди, айримларнинг эса худди Насиба каби ишонгиси келмади. Жиззах вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими ходимлари мурожаат тушган заҳотиёқ ишга киришди. Мурда кўздан кечирилди. Суд тиббий экспертизаси хулосасини тақдим этди.

Унга кўра ҳодиса жойидан олинган суяклар инсонники, аниқроғи, 30-
39 ёшлардаги эркак кишига тегишли. Бу одамнинг Рустам эканига эса ҳеч кимда шубҳа қолмади.

Хўш, Рустам нега бу аҳволда ўлим топди? Унинг жонига ким зомин бўлди?

Бу саволларга жавоб, яъни калаванинг учи нафақат Рустам Зуҳуров ўлим топган 2009 йилга, балки ундан ҳам олдироққа – 1994-1995 йилларга бориб тақалиши тергов жараёнида маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Бахмал тумани судининг очиқ мажлисида судланувчи Раъно Зуҳурова айбига тўлиқ иқрор бўлди.

«Гўштни нега чала пиширдинг?» 1994 йилда Рустам билан турмуш қурган Раъно уч ўғилли бўлган. Қўй боқадиган эри кўп ароқ ичиб, Раънони муттасил калтаклаб, азоблаб келган. Баъзан Рустам арзимаган баҳона топиб хотинини ўласи қилиб урарди.

– 1996 йилнинг қиши эди, – дея эслайди аёл суд мажлисида берган кўрсатмасида.
– Турмуш ўртоғим қўй сўйди, менга гўшт пиширишни буюрди. Мен уйдаги темир печкага қозон қўйиб, ўтин бўлмагани учун балон ёқиб, овқат пиширдим. Шунда эрим гўшт яхши пишмаган деб жанжал кўтарди, уриб-уриб, сўнг темир оташни олиб, печкада қиздириб ўнг тиззамга босди…

Фарзандлар ҳам отанинг жанжалидан безор бўлганини айтишади. Баъзан Рустам шунчалар ваҳшийлашиб кетардики, жонзотларга ҳам азоб берарди. Кучукчани ҳовлида арқонга осиб қўйиб, оиласининг кўз ўнгида қийнаб ўлдирганини болалар титраб эслашади. Аёл бу азобларга чидай олмай маҳаллага бир неча марта мурожаат қилган. Профилактик суҳбатдан кейин эса Рустамнинг зулми янада ортган. «Нега мени маҳаллага, участкавойга чақдинг?» деб хотинини аёзсиз тепадиган одат чиқарган. Раъно шундан кейин эрининг зулмидан бировга арздод қилмаган, бадани моматалоқ бўлиб, юз-кўзи кўкариб юрса ҳам бирон шифокорга учрамаган…

Бир аёл ўз уйида шунча кўргиликка чидаб, зиндонбанд яшаса-ю, наҳот унга ҳеч ким эътибор бермаса? Бу оила ва аёллар масалалари билан шуғулланадиган ваколатли орган ходимларининг бепарволигими ёки масъулиятсизлигими?

«Боғчадан гилам ўғирлаганди…»

Тумандаги «Оқтош» қишлоқ фуқаролар йиғини масъул котиби Б.Отабоевнинг судда айтишича, марҳум Рустам Зуҳуров ва унинг
оила аъзоларини у яхши таниган. Раъно сабрли, уйим-жойим дейдиган, болаларига меҳрибон она сифатида маҳалладошлари ўртасида ном қозонган. Рустам эса отаонаси, ака-укалари ва опа сингиллари каби меҳр-оқибатсиз эди, қариндошлар ўзаро борди келди қилишмайди. Қишлоқдаги тўй-маъракалар, жамоат ишлари ва бошқа тадбирларда умуман қатнашмайди. Аҳолининг чорвасини вилоятнинг бошқа ҳудудларида боқиб, чўпончилик қилиб юрган.
– Рустам 1998 йилда ҳудудимиздаги боғчадан гилам ва бошқа нарсалар ўғирлаб, қамалиб кетганди. У келгунча Раъно болалари билан тинч яшади. Қамоқдан қайтгач, яна азоблашни бошлаган, – дейди котиб. – Раъно бир неча марта раис ва профилактика инспекторига мурожаат қилиб, эрининг кўп ароқ ичиши, уни уриши, рўзғорини ўйламаслигини айтган. Рустамнинг йўқолиб қолганидан ҳам шубҳаланмаганмиз. Чунки у олдин ҳам қўй боқиб, уйига икки-уч ойлаб келмасди. Раъно Зуҳурованинг ахлоқи ҳақида фақат яхши гаплар айтиш мумкин, унинг бегона эркаклар билан ишқий муносабатда бўлгани ҳақида ҳам эшитмаганмиз.

2009 йилнинг 10 июни.

Рустам ичкилик таъсирида кечаси билан хотинини азоблаб тушгача ухлади. 10 июнь куни тушлик вақтида доимгидек икки-уч пиёла ароқ ичиб овқатланди. Сўнг хотинига «Мен ухлайман, сен ёнимдан қимирламай ўтир, турганимда қарайман, агар кайфиятим ёмон бўлса, сени ўлдираман» деб пўписа қилиб уйқуга кетади. Раъно эри айтганидек ўша жойдан жилмай ўтиради. Эҳтимол, калтак остида ўтган йиллар ўшанда аёлнинг кўз олдидан бир-бир ўтгандир? Жонидан тўйдириб юборгани, ҳақоратлаши, ўлдириш билан қўрқитгани, эр-хотинлик муносабатларида ҳам хоҳишига қарши зўрлик ишлатиши ёдига тушиб, нафрати кучайиб кетгандир… Хуллас, аёлда эрини ўлдириш фикри мустаҳкамлана бошлайди.

Эшик олдига чиқиб ҳовлидан қалин темир бўлагини олди. Сўнг ошхонага кириб, пичоқни енгига яширди. Рустам ухлаб ётган хонага секин кириб, турмуш ўртоғининг бошига икки марта қаттиқ урди. Эркак оғриқ зўридан бирдан уйғонди-ю жойидан турмоқчи бўлди. Раъно тисарилмади: унинг юрак ва биқинига уч марта пичоқ тиқиб, ишини якунига етказди. Сўнг ўзини босиб олди ва ташқарига чиқди. Болалар кўриб қолмасин дея хона эшигини қулфлади. Фарзандларига кечки овқатини эртароқ тайёрлаб бериб, уларга оталари қўй боқишга Қозоғистонга кетганини айтди. Қоронғи тушишини кутган Раъно фарзандлари ухлашга ётгандан кейин ярим кечаси ишга киришди: мудҳиш воқеа содир бўлган хонага кириб, жиноят изларини яшириш мақсадида ётган кўрпача ва ёстиқлари билан бирга мурдани яшил палосга ўради. Қотиллик ашёси – пичоқни ҳам палосга солиб қўйиб, мурдани ташқарига судраб чиқди. Ҳовли адоғида молхона учун қазилган хандақ бор эди. Мурдани бир метр чуқурликдаги ўша хандаққа кўмиб қўйди. Шундан сўнг одатдагидек яшайверган аёл Рустамни сўраганларга турмуш ўртоғи Қозоғистонда қўй боқиб юрганини айтди. Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилдан кейин ҳам чиқаркан. Раънонинг қотиллиги очилишига эса 11 йил керак бўлди…

Суд мазкур жиноят ишида аввало инсонпарварлик тамойилларига содиқлик билан иш тутди. Суд ҳайъати Раъно Зуҳуровага жазо тайинлашда унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар
йўқлигини эътироф этди. Аёлнинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, илгари судланмаганини, жиноятни жабрланувчининг ғайриқонуний ва ахлоққа зид ҳаракатлари оқибатида содир этганини, уч фарзанди бўлиб, улар ёлғиз ўзининг қарамоғида эканини инобатга олди. Р.Зуҳурова Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.

…Аёл киши – оиланинг фариштаси. Агар у ўз уйида ўзига яраша мақомда бўлса, ундан бахтли одам йўқ. Аммо унинг қадри ерга урилса, ўз уйида хўрланса аёл жунбушга келади. Юқоридаги воқеа
– маҳалла-кўйида яхши, индамас, ювош деб танилган Раънонинг аччиқ қисмати бунга яққол мисол. Шундай экан, аёлларнинг хўрланишига муросасиз бўлишимиз, уларнинг шаъни ва қимматини баланд тутишимиз жоиз.

Шербек ИСАНОВ,
Жиззах вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи
Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»