Пойтахтнинг 162 маҳалласида жиноят сони ошган

10:30 - 13.09.2021

11

Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан қурилиш, коммунал хўжалик ва йўл қурилиши соҳалари ўрганилди. Давлат манфаатга 9,2 млрд. сўмлик зарар етказилгани аниқланиб, 6 та маъмурий ва 35 та жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинди. 250 та тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шаҳарнинг 531 та маҳалласидаги аҳвол таҳлил қилиниб, яшил (жиноят содир этилмаган), қизил (жиноят сони ошган), сариқ (жиноят сони барқарор) тоифаларга бўлинган. Маҳаллаларнинг 152 таси яшил, 162 таси қизил ҳамда 217 таси сариқ тоифага кирган. Шунга асосан шаҳар ИИББ, Миллий гвардия ходимларини жалб қилиш дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, улар жиноят ва ҳуқуқбузарлик кўп содир этилаётган ўчоқларга йўналтирилди.

Жиноятларнинг олдини олишда видеокузатув камералари муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда пойтахтдаги 531 та маҳалладаги кўчалар ва уйларга ҳозирги кунга қадар 79365 та камера ўрнатилган.

2021 йил 19 майда шаҳар прокурорининг оммавий қабулида фуқаро Қ.Н. уй олиш учун ёрдам сўраган. Унинг мурожаати кўриб чиқилиши натижасида Юнусобод тумани ҳокимининг ордери билан Қ.Н.нинг фарзанди И.М.га 1 хонали хонадон ажратилиши таъминланган.  Шаҳар прокуратурасига келган аҳоли учун қулай шароит яратиш мақсадида фуқароларни қабул қилиш хоналари ва мажлислар зали қурилиши якунланган. Ушбу бино фойдаланишга топширилиб, ҳозир фуқароларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда.