Гуркираган иссиқхона ва совуқ еган қўшнилар

16:00 - 13.09.2021

33

Ж.Сафоев — тўрт фарзанднинг отаси. Уни маҳалладошлари ишбилармон киши деб билади. «Парвина Жасмина Сабрина» МЧЖ раҳбари, «Жасур Вазира замини» МЧЖ ишюритувчиси бўлиб ишлаб келган Ж.Сафоев жамиятга қарашли иссиқхонани аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминловчи юқори босимли қувурга ўзбошимчалик билан улаб олиб, ими-жимида иш битириб юраверди. Қўни-қўшниларнинг газ босими пастлиги ҳақидаги эътирозларини эшитиб турса-да, миқ этмади.

Аввалига Ж.Сафоев «Бухоро туман газ» идораси билан шартнома қилиш учун ҳужжатларни тайёрлади. Бироқ иши юришмади. Бир томонда ноябрь ойида совуқ кунлар бошланиб қолди. Ҳосилни бой бермаслик учун Шўркўл қишлоғидан ўтиб, Турунбурун қишлоғига борувчи табиий газ қувурига уланиб олди. Қараса, ишлари аъло.

Кўрдики, текиннинг таъми тотли. Бироқ қонуннинг ҳам қўллари узун, нигоҳи ўткир эканлигини унутди. «Ҳудудгазтаъминот» Бухоро вилояти филиалига 106 млн. 80 минг сўм зарар етказган Ж.Сафоев қонун олдида жавоб берди. Зарарни тўлиқ қоплаган қонунбузар суд ҳукмига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 6 млн. 690 минг сўм жарима ҳам тўлади.