Бўш бино ишсизларни банд этди

13:00 - 11.09.2021

2

Тошкент шаҳрида 531 та маҳалла мавжуд бўлиб, шундан 129 таси 2-секторда жойлашган. Ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож 14352 та оиланинг 49317 нафар аъзоси «темир дафтар»га киритилди. Дастлаб уларга 19,1 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилиб, 13965 нафари иш билан таъминланди. Натижада халқ депутатлари туман кенгашларининг қарори билан 13532 та оила дафтардан чиқарилди.

Бундай оилаларни қўллаш мақсадида бир қатор ишлар қилинмоқда. Мисол учун Бектемир туманидаги Зилола маҳалласида яшовчи П.А.нинг хонадони таъмирлаб берилди. Учтепа тумани Қўрғонтепа маҳалласида яшовчи Т.Ш., М.Н. ва С.Д.га тикув машинаси олиб бериш орқали уларнинг бандлиги таъминланди.

Прокурор секторларида аёлларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида 129 та маҳаллада 30 ёшдан юқори бўлган 162 791 нафар аёлнинг 150 598 нафари ўртасида сўров ўтказилди. Натижада 3819 нафар аёл «аёллар дафтари»га киритилиб, барчасига ёрдам кўрсатилди.  Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги Азамат маҳалласида яшовчи Т.О.га маҳалла биносининг бўш турган қисмида тикув цехи очишига ёрдам кўрсатилиб, «аёллар дафтари»га киритилган 15 кишининг бандлиги таъминланди. Олмазор тумани Ҳазрати имом маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг ертўласи ижарага берилиши натижасида тикув цехи ташкил этилиб, 12 нафар хотин-қиз ишли бўлди.