Банк ходимаси миннатдорлик билдирди

16:30 - 10.09.2021

8

Бош прокуратура томонидан фуқаро Н.Файзиеванинг меҳнат низосига оид суд қарорларидан норозилиги ҳақидаги мурожаати ўрганилди. Аниқланишича, Н.Файзиева «Пойтахтбанк» АЖда ишлаб келиб, банкнинг ташаббусига кўра 2019 йил 11 сентябрда ишдан бўшатилган.

Меҳнат қонунчилигида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда ходимларнинг вакиллик органи ёки касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилигини олиш талаби белгилаб қўйилган. Лекин банк касаба уюшма қўмитаси томонидан Н.Файзиева билан меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун талабларига риоя этилмаган.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларига тўғри баҳо берган ҳолда даъвогарнинг талабини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган бўлса-да, апелляция ва кассация инстанцияси судлари қонунга зид равишда унинг талабини рад этиб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилган.

Мазкур суд ажримларига нисбатан Бош прокуратура томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест келтирилди. Протестда Н.Файзиева билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи Меҳнат кодекси, судлар эса Олий суд пленумининг кўрсатмаларига риоя этмагани кўрсатилиб, Н.Файзиевани ишга тиклаш тўғрисида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Иш 2021 йил 19 августда Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилиб, Бош прокуратуранинг протести қаноатлантирилди. Натижада Н.Файзиевага 31 млн. сўм иш ҳақи, 6 млн. сўмдан ортиқ  маънавий зарар ундириш белгиланди. Суд жараёни якунига етгач, Н.Файзиева Бош прокуратура ходимларига самимий миннатдорчилик билдирди. Шундай қилиб яна бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.