Ҳашарчилар қурган объект авария ҳолатида

12:30 - 10.09.2021

8

Халқимизда «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» деган гап бор. Ҳақиқатан ҳам ҳар ишни ўз устаси қилгани яхши. Бундан бир-икки йил аввал Пахтачи туманидаги маданият ва истироҳат боғида бунёд этилган объект бугунги кунда авария ҳолатига келиб қолган. Текширишлардан маълум бўлишича, ўша пайт бу ерга мутахассислар жалб қилинмаган. Турли соҳа вакиллари ҳашарга келиб ишлашган.

Акбар (исмлар ўзгартирилган) 2017 йилдан 2020 йилга қадар Пахтачи тумани маданият бўлими мудири лавозимида ишлади. Оммавий маданий тадбирларни ташкил қилиш, аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш, бюджет маблағининг тўғри сарфланишини таъминлаш каби вазифалар унинг зиммасида эди. 2018 йили маданият ва истироҳат боғи ҳудудида амфитеатр, мусиқали фаввора қурилиши бошланади.

Аслида тартибга кўра дастлаб иншоотнинг лойиҳаси тайёрланиб Самарқанд вилояти қурилиш бошқармаси тасдиқлаганидан сўнг тендер ўтказилиши ва ғолиб бўлган корхона қурилиш ишларини бажариши лозим эди.

Бироқ боғда амфитеатр қурилиши лойи ҳаолди архитектура-режалаштириш ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан бошланди. Қурилиш лойиҳаси вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилмади, объект ёнғин хавфсизлиги ва зилзилага бардошлилиги юзасидан давлат экспертизасидан ўтказилмади, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг рухсати олинмади.

Мудир қурилишга пудратчи ташкилотларни жалб қилмай, билим ва кўникмага эга бўлмаган бошқа соҳа ишчиларини ҳашарчи сифатида жалб қилади. Амфитеатр қурилишига 709,8 млн.сўмлик, амфитеатр стелласи қурилишига эса 51,3 млн. сўмлик, жами 761 млн.201 минг сўмлик маҳсулот сарфланган бўлишига қарамай, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилиб, объектлар яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Бундан ташқари, Акбар жиноий шериклари – маданият бўлими бош ҳисобчиси Даврон ва Пахтачи тумани ғазначилик бўлинмаси бошлиғининг ўринбосари Тўлқин билан бир гуруҳ бўлиб, 5 та ҳолатда 510,9 млн. сўмлик, жами 1 млрд. 251 млн. 600 минг сўмлик қурилиш маҳсулотларини қонун ва қарор талабларига зид равишда харид қилиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етишига сабаб бўлган. Булардан ташқари, омбор мудири Нурали билан тил бириктириб, бир нечта корхона билан қурилиш маҳсулотлари харид қилиш борасида шартнома тузишга эришади. Жами 84 млн. 435 минг сўмлик маҳсулот ва бошқа товарларни номаълум шахсларга сотиб юбориб, бюджет маблағини талон-торож қилган.

Шунингдек, судда Пахтачи туманида бош архитектор бўлиб ишлаган Маҳмуд айбига қисман иқрор бўлиб, ҳақиқатан ҳам истироҳат боғи, амфитеатр ва мусиқали фаввора қурилиши туман ҳокимининг қарорисиз, лойиҳа ҳужжатларисиз бошланганини тан олди. Ҳозирги кунда текширишда аниқланган камомадлар тўлиқ бартараф этилганини билдириб, суддан қонуний енгиллик сўради.

Суд ҳукми билан Акбар 2 йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан, 3 йил озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, омбор мудири Нурали 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан, 2 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилинди. Маданият бўлими бош ҳисобчиси Даврон 1 йилу 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, озодлиги 2 йил 6 ойга чекланди.

Тўлқин ва Маҳмуд ҳам 1 йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик ловозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, озодлиги 2 йилга чекланди.

Нодирбек ҚОДИРОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи