“Янгиси ўхшамади, эски доллар керак…”

10:30 - 10.09.2021

15

Ўттиз ёшга кирган сўхлик Оғабек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзига тўқ, хотини, фарзанди билан яхши яшаётганди. Миркамол билан автомашина бозорида танишдию, ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Улардан бири “Эпика”, иккинчиси “Опел” русумли автомашинасини сотгани чиқишганди. Ҳар икки машинани 9500 долларга баҳолаган янги танишлар, уловларни  алмаштиришга келишишди. «Опел» бирмунча уриниб қолган экан. Миркамол усталарга кўрсатиб тузаттиришга кўп пул сарфлади. Сўнгра бировга сотиб юборди.

Бу орада Оғабек Гулмирахоннинг ҳовлисида ойига 100 доллардан ижарага яшай бошлади. Миркамол «Опел»ни сотганини эшитганидан сўнг орадан икки ойча ўтиб кўришганларида жўрттага: “Эпика”нгизни қайтариб олиб, ўзимнинг машинамни  беринг”, деб сўради.

— “Опел”ни сотиб юборганман-ку, – деди Миркамол. – Хўп десангиз, «Эпика»ни сотиб  бераман».

Оғабек  кўнди. У Россияда ишлаб юрган кезлари компьютерда яширинча пул тайёрлаш жараёнини кўрган эди. Ўзича пухта режа тузиб, ишга киришди. Қувасой шаҳрида пайнет дўкони очмоқчилигини айтиб, Гулмирахонни авради. Аёлнинг номига кредитга олинган телефон, ноутбук, принтерни қўлга киритиб, кўпқаватли уйлардан биридаги хонадонда иш бошлади. Рангли принтерда 50 000 сўм купюрадаги пулларни босиб чиқариб кўрди. Бир қарашда ҳақиқийсидан ажратиб бўлмайдигандай туюлди.

Энди бу қалбаки пулларни ўтказгали ишончли шерик керак эди. Оғабек бирдан Миркамолни эслади ва телефонда у билан боғланди. Кўришганларида унга сохта пулларни кўрсатиб, ҳамкорлик таклиф қилди. Бироқ Миркамол оқибатини англаб, қалтис қадам қўйишдан тийилди. Унинг ҳуқуқ-тартибот органларига қилган мурожаати бўйича тадбир ташкиллаштирилди. Оғабек Қувасойга келган Миркамолга сарфлаб кўриш учун 10 000 ва 50 000 сўмлик сохта пуллардан берди. «Юзталик янги  доллар ўхшамади, эскисидан топиб беринг, кўпайтириб сўмга алмаштириб оламиз» деди. Тадбир давом эттириладиган бўлди. Эртаси куни ноутбук ва принтерда қалбаки 50 000 сўмлик, 100 долларлик купюраларни босиб чиқаришга астойдил бел боғлаган ҳуқуқбузарнинг қилмишига нуқта қўйилди. Унинг ижарадаги уйидан банкнотлар чоп этилган 137 дона А-4 шаклидаги қоғоз, 17 та қалбаки 100 АҚШ доллари, қиймати 12 млн. 700 минг сўмга тенг 254 дона 50 000 сўмлик, қиймати 780 000 сўм бўлган 78 дона 10 000 сўмлик қалбаки банкнотлар, ноутбук, принтер ва канцелярия пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди. Бирданига бойваччага айланиш иштиёқидаги Оғабек Мажнуновга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.