Муддатидан олдин қай тартибда овоз берилади?

14:30 - 10.09.2021

13

Сайлов демократиянинг энг муҳим жараёнларидан биридир. Чунки сайлов манфаатлари муштарак бўлган халқнинг сиёсий маданиятига таъсир кўрсатади.

Сайлов ҳуқуқи бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, фуқароларга ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз бериш орқали сайлаш ҳуқуқини амалга ошириш имконини беради. Бу эса ҳар бир сайловчидан фаолликни талаб қилади.

Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун қонуний асослар етарли. Ана шундай ҳуқуқлардан бири Ўзбекистон фуқароларининг муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидир.

Кимлар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга?

Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз беришда ўн саккиз ёшга тўлган ёки муддатидан олдин овоз бериш куни ўн саккиз ёшга тўладиган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.

Муддатидан олдин қандай овоз берилади?

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз бериш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ҳамда сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришда участка сайлов комиссиялари сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг беш фоизи миқдорида сайлов бюллетенини ва конвертларни округ сайлов комиссияларидан муддатидан олдин овоз бериш бошланишига камида уч кун қолганида олади.

Муддатидан олдин овоз берувчи сайловчининг аризаси қандай расмийлаштирилади?

Участка сайлов комиссияси аъзолари аризани қабул қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Сайловчи аризасида сайлов куни овоз бериш учун сайлов участкасига кела олмаслик сабабини кўрсатса, шу аризага асосан муддатидан олдин овоз бериш имкониятини яратиб бериш шарт, ундан ҳеч қандай қўшимча маълумот талаб этилмайди. Аризанинг ўзи етарли ҳисобланади.

Муддатидан олдин овоз бериш учун сайловчи ўз аризасида сайлов куни ўзи яшаб турган ҳудудда таътил, хизмат сафари ёки бошқа сабабларга кўра бўла олмаслигини кўрсатгандан сўнг участка сайлов комиссиясига мурожаат қилган ҳолда, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатиб сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олгани ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайловчи сайлов бюллетенини махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида мустақил тарзда тўлдиради. У бюллетенни тўлдириш пайтида бошқа сайловчилардан ёрдам сўраши, кимга овоз бераётганини сўраши ёки муайян номзодга овоз беришни сўраши тақиқланади. Агар сайловчи ногиронлиги туфайли бюллетенга мустақил тарзда белги қўя олмаса участка сайлов комиссияси раиси, ўринбосари, котиби, аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг вакилларидан ташқари холис шахслардан ёрдам сўраши мумкин бўлади.

Сайловчи ўзи муносиб деб билган номзодни танлаб бюллетенга белги қўйганидан сўнг уни участка сайлов комиссияси берган конвертга солади ва елимлайди. Шундан сўнг елимланган конвертни участка сайлов комиссиясининг аъзосига топширади. Комиссиянинг икки аъзоси конвертнинг елимланганини текшириб олади ва елимланган жойга имзо қўяди, уларнинг имзоси комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади. Конверт участка сайлов комиссиясининг махсус жиҳозланган сейфида сақланади.

Муддатидан олдин овоз берганларнинг ҳисоби қандай юритилади?

Участка сайлов комиссиясида муддатидан олдин овоз берган сайловчиларнинг ҳисоби юритилади. Уларнинг тўғри ҳисобга олиниши ва сақланиши учун масъулият комиссиянинг қарори билан комиссия аъзоларидан бирига юклатилади. Муддатидан олдин овоз берган фуқаронинг сайловчилар рўйхатидаги фамилиясининг тўғрисига ёки рўпарасига «Муддатидан олдин овоз берди» деган белги қўйилади.

Элдор ҲОМИДОВ,
Жамоат хавфсизлиги
университети доценти